Сурия инқирози: Халқаро Қизил Хоч Баба Амрга киритилмаган

Ҳомсда оммавий ҳибсга олишлар бошлагани хабар қилинган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳомсда оммавий ҳибсга олишлар бошлагани хабар қилинган

Қизил Хоч ташкилотининг ёрдам ортилган машиналари Сурия ҳукуматининг рухсат берганига қарамасдан, Баба Амрга қўйилмаган. Қизил Хоч машиналари тунни Ҳомсда ўтқазишган.

Би-би-си мухбири Жим Мюирга кўра, инсонпарварлик ёрдамларининг нима учун тўхтатилганини дастлаб изоҳламаган Сурия ҳукумати шанба куни Қизил Хоч ходимларига Баба Амрда кўп сонли миналар топилгани, уларни зарарсизлантириш муҳимлигини билдирган.

Халқаро Қизил Хоч Ташкилотининг президенти Якоб Келленбергер "Одамлар ёрдамга муҳтож бўлиб турган бир пайтда уларга ёрдам етқазишга йўл қўймаслик ақлга сиғмайди",-деб айтган.

Сурия мухолифатига кўра, Қизил Хоч машиналар карвонининг тўхтатиб турилгани ҳукумат Ҳомсда содир қилган оммавий қотилликларининг изини йўқотишга уринаётган бўлиши мумкин.

Охирги ҳафтада Баба Амр ҳукумат кучлари томонидан тинимсиз артиллерия ҳужумига тутилган эди.

"Сурия Озодлик армияси" жангчилари Баба Амрни ташлаб чиққани "тактик чекиниш"бўлганлиги, бу ўз уйларини ташлаб кетишга кўнмаган 4000 га яқин аҳолининг ҳаётини ўйлаб қўйилган қадам эканлигини билдиришган.

БМТ нинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси хабар қилишича, жума куни Ҳомсда 17 кишининг ўлдирилгани айтилган.

Ҳомсдаги портлашларда яраланган француз журналистлари Ливандан Парижга жўнатилгани хабар қилинган.

Шунингдек, Ҳомснинг Баба Амр туманида ҳалок бўлган икки журналист жасадлари дипломатларга топширилган.

Хабарларга кўра, америкалик журналист Мэри Колвин ва француз фотосуратчиси Реми Очлик жасадларини Дамашқдаги Ал-Ассад университети шифохонасидан дипломатлар олиб кетишган.

Айни пайтда ҳукумат кучларининг Баба Амрдан исёнчиларни ҳибсга олаётгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Би-би-сининг мухбири Жим Мюирнинг Ливандан туриб хабар беришича, 11 ёшдан катта ўғил болаларни оммавий ҳибсга олишлар бошланган.

Яна бир хабарда айтилишича, Баба Амрдаги йўлда жасадларни юк машинасига ортилаётганига гувоҳ бўлинган.

Баба Амрдан кўплаб оилалар қочиб ўтган қўшни туманларда ҳам портлашлар ва отишмалар бўлгани хабар қилинган.

Шанба куни Ҳомснинг бошқа жойларида ҳам отишма овозлари эшитилган.

Айни пайтда Сурия ҳукумат телевидениеси кўрсатган лавҳаларда Баба Амрда жойлашиб олган "қуролланган террорист гуруҳлар"нинг мамлакат барқарорлигига катта зарар етказгани айтилган.

Кузатувчиларга кўра Баба Амрдаги аҳвол қўрқинчли. Озиқ-овқат ва сув заҳиралари деярли тугаган.

Олдинроқ Оврўпо Иттифоқининг Брюсселдаги саммитида гапирган Британия Бош вазири Девид Кэмерон "Суриядаги вазият аянчли, Ҳомсдаги одамлар керакли ёрдамни олишлари зарур. Қанча вақт ўтишидан қатъий назар шундай кун келади, ўз халқига қарши курашган бу қўрқинчли тузум қилган жиноятлари учун жавоб беради", - деб айтган.

Оврўпо Иттифоқи Президенти Ҳерман Ван Ромпейга кўра, Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари Сурияда содир этилган шафқатсизликлардан даҳшатга тушганлар.

Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари қабул қилган ҳужжатда "Суриядаги зўравонликларга масъул бўлганлар ўз ҳаракатлари учун жавоб беришлари керак"лиги айтилган.

БМТ бош котиби Сурия ҳукумати ўз халқига нисбатан аниқ ва кенг миқёсли жиноятларни амалга ошираёганини айтган.

БМТ ҳисоботига кўра, Сурияда кейинги 11 ой давомида 7500 инсон ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ