Толибон ҳаракати сафларида бўлиниш?!.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Покистондаги Толибон ҳаракати раҳбари ўзининг муовинини вазифасидан четлатган.

Бу қудрат учун талашиш бошлангани нишонаси сифатида кўрилмоқда.

Толибон Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг асосий иттифоқчиларидан бири сифатида кўрилади.

Би-би-си ушбу хабарларни ҳаракатнинг ўзидан тасдиқлашга мувафақ бўлган.

Хабар Толибон раҳбарлари кенгашининг якшанба кунги йиғини ортидан юзага чиққан.

Мавлавий Фақир Муҳаммаднинг нега ўз вазифасидан четлатилгани сабаби маълум эмас.

У мартабаси бўйича ҳаракат раҳбари Ҳикматуллоҳ Меҳсудддан кейин иккинчи ўринда турган.

Аммо минтақада бўлган мухбирларимиз буни Толибон сафларида бўлиниш борлиги белгиси сифатида кўришмоқда.

Сўнгги хабарларга кўра, ҳозирча Мавлавий Фақир Муҳаммаднинг ўрнига ҳеч ким тайин этилмаган.

Тафсилотлар

Покистондаги Толибон ҳаракати воизининг Би-би-сига айтишича, у вазифасидан зудлик билан озод этилган.

Аммо, унинг сўзларига кўра, Толибон раҳбарияти Мавлавий Фақир Муҳаммадни ҳаракат сафларидаги бошқа бир лавозимга кўзламоқда.

Мавлавий Фақир Муҳаммад ҳаракатнинг қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан анчайин шимолда жойлашган Бажаур минтақасидаги масъули бўлган.

Беқарор Бажаур минтақасидан "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Айман аз-Завоҳирий ва исёнчи афғон қўмондони Гулбиддин Ҳикматёрга мойил жангарилар бошпана топганликлари ишонилади.

Бўлиниш

Исломободда бўлган мухбирларимизга кўра, Толибон сафларида бўлиниш собиқ лидери Байтуллоҳ Меҳсуд ўлдирилган 2009 йилдан бошланган.

Ўша пайтда Мавлавий Фақир Муҳаммад унинг ўрнига даъво қилган асосий номзодлардан бири бўлган.

Бироқ Толибон ҳаракати ўзининг асосий таянч нуқтаси бўлган Вазиристон минтақасида ўз ҳукмронлигини тутиб туриш истагида бўлган.

Шу боис, у фақат муовинлик вазифаси билан чекланишга мажбур бўлган.

Мухбирларимизнинг айтишларича, ўшандан буён Мавлавий Фақир Муҳаммаднинг Толибон ҳаракати марказий қўмондонлиги билан муносабатлари танг бўлган.

Ўтган йил ҳаракат уни, ҳатто, Покистон ҳукумати билан алоқада бўлишда ҳам айблаган.

Аммо Мавлавий Фақир Муҳаммад буни тан олмаган.

Ундан аввал эса, Мавлавий Фақир Муҳаммад Би-би-сига Толибон раҳбарияти билан чиқиша олмаётганини ҳам айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ