Исроил ҳужумига Эрон қандай жавоб беради?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Исроил "Эроннинг ядро қуролига эришиш ҳаракатларини тўхтатиш учун ҳарбий ҳужум эҳтимоли" ҳақида бир неча бор огоҳ билан чиқди.

Эрон расмийлари бу каби амалга "мувофиқ жавоб" берилишини билдирдилар.

Лекин Эроннинг "мувофиқ жавоби" қандай бўлади?

"Мувофиқ жавоб"нинг минтақа ва Эрон учун қандай оқибатларини кутиш мумкин?

Эроннинг ядро қуролига эришишига йўл қўйишнинг оқибатлари Исроил ҳаробий амалиётлари оқибатларидан енгилроқ бўладими?

Лондондаги Стратегик Тадқиқотлар Марказининг қуроллар тарқашининг олдини олиш бўлими раҳбари Марк Фицпатрикнинг айтишича, Эроннинг Исроилга қарши тўғридан-тўғри ҳарбий уруш очиш имкониятлари чекланган.

"Эроннинг эскиб қолган ҳаво кучлари жиҳозлари Исроилникидан анчайин заиф ва Исроилга қадар ета оладиган қанотли ракеталари сони ҳам чекланган".

Фицпатрикка кўра, Эрон 1600км узоқликка уча оладиган "Шаҳоб-3" ва "Қадр-1" русумидаги ракеталарга эга бўлса ҳам, уларни учира оладиган фақатгина 6 та ускунага эга.

"Исроилга қадар етадиган ва қаттиқ ёқилғида ишлайдиган "Сажил-2" ракеталари ҳам мавжуд, лекин улар ҳали тўлиқ фойдаланишга киритилмаган".

Лекин жаноб Фицпатрикка кўра, бу ракеталарнинг ҳаммаси аниқ нишонга олиш соҳасида оқсайди. Яна бир жиҳат, Эрон кимёвий ва биологик қуролга эга эмас.

"Хулоса, Эрон томонидан ҳар қандай ракета ҳужуми пўписаси рамзийдир", деди Марк Фицпатрик.

Унга кўра, Эроннинг Исроилга қарши "мувофиқ жавоби" учинчи бир мамлакат ё-да кучлар орқали бўлиши мумкин.

Масалан, Ливандаги "Ҳезбуллоҳ" гуруҳи Эрондан олинган 10 мингдан кўпроқ ракета ускунасига эга.

"Булар 25 км узоқликка ета оладиган "Катюша"лар, 45 кмга етадиган "Фаҳр-3", 75 кмга етадиган "Фажр-5", 200 кмга қадар учадиган "Залзал-2", ва 220 кмга етадиган "Фотеҳ-110"лардир. Бунга қўшимча бутун Исроил ҳудудини нишонга олиш имконига эга ва 750 килограмм қурол-яроғ таший оладиган 10та "Скад-Д" ракетлари мавжуд".

Бундан ташқари Фаластиннинг Ғазо бўлгасидаги "Ҳамас" гуруҳи ҳам Исроилни қисқа масофага учувчи ракеталар билан нишонга олиши мумкин экан.

Демак Исроил билан "Ҳезбуллоҳ" ва "Ҳамас" ўртасида ҳам ҳарбий можаро ва минтақа миқёсида кенгроқ можаро келиб чиқиш эҳтимоли бор.

Форс кўрфазида ҳарбий амалиётлар эҳтимоли

Эрон Денгиз Кучлари йирик кемаларга қарши миналар жойлаштириш ва нишонга олиш учун кичик ва тез-юрар қайиқлар билан яхши жиҳозланган.

Шунингдек, Эрон қуруқликдан туриб денгиздаги кемаларни аниқ нишонга ола биладиган ракеталарга ҳам эга.

Бу имкониятларни Эрон кўплаб миқдорда нефт ташиб ўтиладиган Ҳормуз бўғозида ҳам ишга солиши мумкин.

Бу эса ўз навбатида АҚШ билан ҳарбий можаро эҳтимолини келтириб чиқаради.

Террористик амаллар эҳтимоли

Вашингтодаги Бруклин Институтидан терроризмга қарши кураш мутахассиси Даниел Байманнинг айтишича, Исроил ҳужуми бошланмасдан аввалоқ турли ерларда террористик амаллар йўлга қўйилиши эҳтимоли бор.

"Эрон бу каби амалларга тўғридан-тўғри нишонга ололмайдиган ҳолларда қўл урган вақтлари бўлган. Бу амаллар қайсидир маънода бошланиб ҳам бўлди. Исроил ва Эрон аллақачон бир-бирларини нишонга олмоқдалар. Исроил ҳужум арафасида бу каби амалларни кўпайтиради, деб ўйламайман, лекин Эрон кўпайтириши мумкин",-дейди Даниел Байман.

Даниел Байманнинг айтишича, Эроннинг бу каби ҳужумлари самараси савол остида.

"Ҳиндистон ва Таиландда Эроннинг ҳужумлари яхши ташкиллаштирилмаганди. Бу Эрон Хавфсизлик Кучлари тайёргарлик савияси бир маромда эмаслигидан далолат беради".

Таҳлилчиларга кўра, Эроннинг ҳар қандай ҳужумларга жавобий амаллари "етти ўлчаб бир кес" қабилида бўлиши керак.

Халқаро Тинчлик учун Карнеги жамғармасидан Карим Саждадпурнинг айтишича, агар Эрон жуда кичик миқёсда жавоб берса обрўсини йўқотади, жуда кенг миқёсда амалларга қўл урса бошини йўқотиши мумкин.

"Лекин обдон ўйлаб чиқилган жавобий муносабатнинг ўзи қандай бўлади, мен билмайман",- дейди Саждадпур.

Халқаро қонунчилик нима дейди?

Исроил Эронга уруш очадими, Эрон қандай жавоб беради қабиладги жавобсиз саволлар манзарасида бир саволга жавоб аниқдек.

Халқаро қонунчилик нуқтаи назаридан Исрол режалаётган бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳужум ноқонуний.

Нотрдам Университетидан профессор Мари О'Конелга кўра, бу каби ҳужум қонуний бўлиши учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланган бўлиши керак, чунки Эрон Исроилга қарши уруш очгани йўқ.

"БМТ Хартиясида аниқ-ойдин айтиб ўтилган, яъни бирон мамлакат ҳарбий кучдан фақатгина ҳужум қилинган вақтда ўз-ўзини мудофаа қилиш йўлида фойдаланган ҳолдагина қонуний бўлади".

Албатта Исроил Эроннинг ядро ҳужумидан "ўз-ўзини ҳимоя қилиш" йўлида бу ишга қўл урганлигини даъво қилади.

Лекин профессор О'Конелнинг айтишича, барибир Исроил ҳужуми ноқонуний бўлади.