Обама: Сурияда Америка ҳарбий аралашуви хато бўлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

АҚШ Президенти Суриядаги вазиятни "ўта оғриқли", дея таърифлади. Аммо ҳарбий аралашув хато бўлишини билдирди.

Жаноб Обамага кўра, Башар ал-Ассад бошқа диктаторлар каби қулайди, лекин АҚШ бунга эришиш учун Сурияни ихоталаш йўлини тутади.

2012 йил бошланганидан бери биринчи матбуот анжуманида жаноб Барак Обама ҳар қандай урушнинг қийматнини ёддан чиқармаслик кераклигини урғулади.

Унга кўра, Ливияни Сурия билан таққослаб бўлмайди, чунки Суриядаги вазият анчайин мураккаб.

"Ҳар бир можарони қўшинларни юбориш билан ҳал этиш ўтмишда ҳамиша ҳам ҳақ йўл бўлмаган ва ҳозирда ҳам бўлмайди", - деди АҚШ Президенти.

Душанба куни 2008 йилги президентлик сайловларида жаноб Обамага республикачилар партиясидан рақиб бўлган сенатор Жон Маккейн Сурия ҳукумат қўшинларига қарши ҳарбий амалиётлар бошлашга даъват қилганди.

Халқаро ҳамжамиятнинг Суриядаги вазият юзасидан мавқеи ягона эмас.

БМТ маълумотларига кўра, мамлакатда зўравонликлар бошланганидан ўтган 12 ой мобайнида 7 ярим минг киши ҳалок бўлган.

Суриядаги вазият

Сурия бўйлаб сешанба куни яна қуролли тўқнашувлар давом этган.

Фаолларнинг айтишларича, кун давомида Сурия ҳукумат кучлари яна 35 кишини ўлдирганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сурия ҳукумат кучлари ҳужумлари туфайли аёл ва болалар уйларни ташлаб чиқишга мажбур бўлмоқдалар.

Ҳомс шаҳрида икки оиланинг 13 аъзоси дохил 23 киши ўлдирилган. Хабар берилишича, уларни Хавфсизлик Кучлари аскарлари ва ҳукуматпараст жангарилар пичоқлаб ўлдиришган.

Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг билдиришича, Сурия Қизил Хочи вакилларига шаҳарнинг Баба Амр мавзесига киришга ҳануз рухсат берилмаган.

БМТ Қочқинлар Агентлиги маълумотларига кўра Ҳомс ва унинг атрофида яшовчи 1 ярим мингга яқин аёл ва болалар чегара оша Ливанга қочиб ўтганлар.

БМТ Инсонпарварлик Ёрдам Агентлиги раҳбари Валери Амоснинг чоршанба куни Дамашққа етиб келиши режаланган.

АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашига Суриядаги вазият юзасидан янги реозолюцияни тақдим қилмоқчи.

Сешанба куни Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ва Араб мамлакатлари номидан Марокаш вакили БМТ қароргоҳида Суриядаги вазият борасида музокаралар ўтказдилар.

Хавфсизлик Кенгашида муҳокамага қўйилган икки аввалги резолюцияга Россия ва Хитой вето қўйгандилар.

Россия якшанба кунги сайловларда Владимир Путин президент этиб сайланганидан сўнг Сурияга нисбатан мавқеи ўзгармганлигини маълум қилган.