Сурия: Нефть вазирининг муовини мухолифатга қўшилди

Абду Ҳуссамиддин Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption 58 ёшли Абду Ҳуссамиддин "адолатсизликни тан олмаган халқ" томонида бўлишини айтган

Сурия Нефть вазирининг муовини аксил-ҳукумат ғалаёнига қўшилиш мақсадида истеъфо бераётганини айтган.

Абду Ҳуссамиддин ўз қарорини YouTube порталига қўйилган видео пайғомида эълон қилган.

У Президент Башар ал-Ассад ҳукуматини тарк этаётган энг юқори ҳукумат мулозимидир.

Аввалроқ Ҳомс шаҳрига сафар қилган инсонпарварлик ёрдамлари бўйича БМТ мувофиқлаштирувчиси Сурия ҳукумати кучларининг ҳужуми натижасида шаҳарнинг баъзи ҳудудлари "яксон" бўлганини айтган.

Валери Амоснинг айтишича, шаҳарнинг бомбаланган Баба Амр минтақаси тўлиқ беркитилган жойга ўхшайди.

Ўтган ҳафта Сурия ҳукумати қақшатқич бомбалашлар ортидан Баба амр минтақаси устидан назоратни қайта қўлга киритган эди.

Фаолларга кўра, ҳукумат қўшинлари Баба Амрга киргач, қирғин ўтказган.

Расмий Дамашқ эса кўплаб одамлар ўлими учун исёнчиларни айблаган.

58 ёшли Абду Ҳуссамиддин ўз видеосини YouTube порталига чоршанба куни қўйган.

Тўрт минутлик видео мурожаатда Сурия ҳукуматида 33 йил давомида турли вазифаларни бажарганини айтган.

"Мен, Абду Ҳуссамиддин, Сурия нефть ва минерал бойликлари вазири, режимни тарк этаётганим, ўз вазифамдан истеъфо бераётганим ва Баас партияси сафларидан чиқаётганимни эълон қиламан," - деб айтган Абду Ҳуссамиддин. - "Мен режимнинг адолатсизлиги ва шафқатсиз амалиётларига қарши турган халқ инқилобига қўшилаяпман."

"Мен мамлакатга эгаликни даъво қилаётган режимга шундай демоқчиман: сен бегуноҳ инсонларни босиб ўтган танк изларидан бошқа ҳеч нима эмассан," - дея илова қилган 2009 йил августидан буён вазир муовини вазифасини бажариб келган жаноб Ҳуссамиддин.

Сурияда зўравонликлар чоршанба куни ҳам давом этган.

Мухолифатга кўра, Ҳомсда 39 нафар, Идлибда 6 нафар, Дераада 3 нафар ҳамда Дамашқ ва Алеппо ташқарисида биттадан инсон ўлдирилган.

БМТнинг айтишича, ўтган йили бошланган зўравонликлардан буён камида 7,500 нафар инсон ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ