'Усама бин Лодинни тўнғич хотини сотган...'

Покистон армиясининг истеъфодаги генерали Шавкат Қодир томонидан олиб борилган тергов жараёнидан маълум бўлишича, "Ал-Қоида" тармоғи марҳум раҳбарини тўнғич хотини америкаликларга "сотган бўлиши мумкин".

Аён бўлишича, Усама бин Лодиннинг кичик кундошларини ўзидан афзал кўриши сабаб, тўнғич хотинининг ниҳоятда рашки келган.

Истеъфодаги генерал ўз текширув ишларини қарийб бир йил давомида олиб борган.

Хайрия Собир ўтган йил феврал ойида Усама бин Лодиннинг Абботободдаги уйига кўчиб ўтган бўлган.

Тергов хулосаларида илгари сурилган фаразларга кўра, у шу даражада хафа бўлганидан эрининг изидан юрган Америка Жосуслик Хизмати билан алоқага чиққан.

Кеча Равалпиндида сўзларкан, собиқ генерал бунга, "ишончи юз фоиз комил экани"ни айтган.

Унинг тергов хулосалари Покистон Жосуслик Хизмати мулозимлари билан суҳбатлари ва марҳум Усама бин Лодиннинг уч беваси билан олиб борилган савол-жавоблар матнларига таянади.

Британия матбуоти маълумотларига қаралса, 54 ёшли Усама бин Лодин Хайрия Собирга қадар икки бор уйланиб, ажрашган бўлган.

Унинг турли хотинларидан жаъми 20 дан ортиқ фарзанди қолгани айтилади.

Айбловлар ҳам бор

Хабарларга кўра, "Ал-Қоида" тармоғи марҳум раҳбарининг уч беваси Покистонга ноқонуний кириш ва яшашда айбланишмоқда.

Усама бин Лодин умрининг сўнгги йилларини Покистоннинг Абботобод шаҳридаги виллада ўтказганди.

У ўтган йил май ойида АҚШ махсус кучларининг кутилмаган рейди чоғида ўлдирилганди.

Усама бин Лодиннинг ўша рейд ортидан қўлга олинган уч хотини ҳануз Покистонда ҳибс остида қолишмоқда.

Маҳаллий масъуллар уларнинг исм-шарифларини ошкор қилишмаган.

Аммо улардан бирининг яманлик, бошқасининг Саудия Арабистонидан экани айтилади. Учинчисининг қай бир давлат фуқароси экани маълум эмас.

Эҳтимолий жазо

Покистон қонунчилигига мувофиқ, Усама бин Лодиннинг беваларини беш йилгача қамоқ жазоси истиқболи кутаётган бўлиши мумкин.

Ўнга яқин боласига Покистонни тарк этиш ёки оналари қамоқ муддатини ўтаб бўлгунларича, мамлакатда қолиш рухсати берилиши мумкин.

Покистон хавфсизлик хизмати ISI аввалроқ Усама бин Лодиннинг уч хотини ва тўққиз боласини Исломободдаги кичик бир бинода сақлаб турганини маълум қилганди.

Усама бин Лодиннинг фарзандлари оталарининг ўлимига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишган.

Америка махсус кучлари томонидан уйларига уюштирилган рейд ёш болаларга руҳан кучли таъсир қилгани айтилади.

Яқинда Британияда чоп этилувчи The Sunday times газети қайнисининг сўзларига таяниб, Усама бин Лодин ўз фарзандларини жиҳоддан қайтаргани, Оврўпо ёки Америкада таҳсил олиб, тинч ҳаёт кечиришни маслаҳат бергани ҳақида ёзганди.

Усама бин Лодиннинг жасади Араб денгизига дафн этилган, Абботободдаги вилласини эса, яқинда бузишга киришилган.

Бу мавзуда батафсилроқ