Ямандаги ҳаво ҳужумида жангарилар ўлдирилган

Яманда ҳаво ҳужуми содир этилган Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Байда вилоятидаги тоғли қишлоқларда жангарилар паноҳ топган деб ишонилади

Халқаро террористик гуруҳ деб аталадиган "Ал-Қоида"нинг камида 10 та жангариси Яман жанубида содир этилган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган.

Яман расмийлари тун бўйи Байда вилоятидаги тоғли қишлоқлар ҳаво ҳужумига тутилганини тасдиқлаганлар.

"Ал-Қоида" жангарилари паноҳ топган деб кўриладиган ҳудудларга ҳужумлар оқибатида "Ал-Қоида"нинг бир неча раҳбари ўлдирилган.

Баъзи бир хабарларда ҳалок бўлганларнинг сони 23 тагача бўлиши мумкинлиги айтилган.

Рейтер агентлиги хабар беришича, жангариларнинг транспорт воситалари ҳам йўқ қилинган.

Қуролланган гуруҳ ҳарбий ҳаракатларга тайёрланаётган бўлган.

Маҳаллий расмийларга кўра, амалиёт Яман қуролли кучлари томонидан ўтказилган.

Гувоҳлар эса, Америкага тегишли учоқларни кўрганларини айтишган.

Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбирига кўра, Америка "Ал-Қоида" га қарши асосан учувчисиз учоқларни қўллаб келади.

Оммавий намойишлар ва ҳукумат ўзгаришидан кейин пайдо бўлган нотинч вазиятдан фойдаланган жангари гуруҳларнинг минтақада фаоллашгани айтилади.

Жангариларга қилинган ҳаво ҳужуми Яман президенти Абду Раббо Мансур Ҳадий раҳбарлигидаги ҳукуматнинг "Ал-Қоида" билан курашни давом эттиришига ишора бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ