Миср: бокиралик текширувида айбланган шифокор оқланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Самира Иброҳим, "гувоҳлар энг охирги дақиқада кўрсатмаларини ўзгартирдилар", дейди.

Мисрдаги ҳарбий маҳкама ўтган йилги аксилҳукумат норозилик намойишларида қатнашган қизларнинг бокиралигини мажбуран текширганликда айблашган ҳарбий шифокорни оқлаган.

Ҳарбий шифокор Аҳмад Одил оқлангани ҳақида Миср давлат ахборот агентлиги Мена хабар қилган.

Маҳкама қарорида айтилишича, унинг оқланишига гувоҳлар берган кўрсатмаларнинг бир-бирига зид келгани сабаб бўлган.

Ушбу маҳкама иши Самира Иброҳим даъвоси асосида қўзғатилган эди.

Самира Иброҳим бундан бир йил олдин, президент Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилганидан бир ой ўтганидан кейин ҳибсга олинганида ўз ихтиёрига қарши бокиралиги текширилганини даъво қилган.

Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбири Жон Лейннинг хабар қилишича, маҳкама қарори ҳақида ахборот тарқатилганидан кейин ушбу қарордан норози кишилар маҳкама биноси олдида тўпланганлар.

Ҳибсга олинган хотин-қизларни бокиралик текширувидан ўтказиш амалиёти мавжудлиги Миср жамиятида ғазабларни қўзғатган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳарбий шифокор Аҳмад Одилга нисбатан жиноят иши Самира Иброҳим даъвоси асосида қўзғатилган

Самира Иброҳим ва яна бир неча аёллар ўзларининг ҳарбийлар томонидан Таҳрир майдонида ҳибсга олинганларидан кейин ана шу текширувдан ўтишга мажбурланганларини айтганлар.

Аёлларнинг айтишича, бундай текширувлар армия қамоқхоналарида эркак докторлар томонидан амалга оширилган ва одатда 5 дақиқа давом этган.

Миср армияси бундай текширувлар юз берганини рад этган, бироқ ўз исми-шарифи ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган генераллардан бири бундай амалиёт бўлганини тан олган.

Самира Иброҳим аризаси бўйича жиноят иши қўзғатилган ва Қоҳирадаги маҳкама бундай текширувларни қонунга зид деб топган.

Аммо Самира Иброҳимнинг айтишича, у гувоҳларнинг маҳкамада Аҳмад Одилга қарши кўрсатма беришларига умид қилган, гувоҳлар эса энг сўнгги лаҳзада олдин айтган сўзларидан тонганлар, дейди Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбири.

Мена ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳакам аёл ўз қарорини қабул қилгунча "тақдим этилган ҳужжатлар ва ўз виждонига таянган" ҳамда "унга ҳеч қандай босим бўлмаган".