Покистонда худкуш ҳужумчи жаноза маросимини нишонга олган

Фото муаллифлик ҳуқуқи v
Image caption Портлашда 30 дан ортиқ одам яраланган

Покистон шимоли-ғарбида худкуш ҳужумчи камида 14 кишини ўлдирган.

Ҳужум Пешовар шаҳрига яқин Будда Байр шаҳарчасида дафн маросимида рўй берган, 30 дан ортиқ одам яраланган.

Гувоҳларга кўра, одамлар жаноза ўқиганидан кейин тахминан 20 яшар худкуш ҳужумчи азадорлар орасига кирган ва жамоа ичида ўзини портлатиб юборган.

Полициянинг ишонишича, ҳужумчи Авомий миллий партияси аъзоси Хушдил Хонни нишонга олган.

Дафн маросими Хушнид Хоннинг вафот этган қариндошиники бўлган.

У таъзияда бўлган, бироқ портлашда унга ҳеч қандай зарар етмаган.

Барча қурбонлар бегуноҳ азадорлар бўлишган.

Руидар Хон портлашда жароҳат олган одамлардан.

"Жанозадан кейин одамлар тарқала бошлаган пайти эди. Бирдан гумбурлаган портлаш содир бўлди. У ердаги бир мотоцикл ёна бошлади. Билмайман, камида тўққиз-ўн киши ўша пайти ерга қулади адашмасам. Мен қўлимдан жароҳат олдим", деб айтган Руидар Хон.

Жароҳатланган ўттиздан зиёд киши маҳаллий шифохонага ётқизилган.

Ушбу ҳудудда асосан Паштунлар яшашади.

Лекин авваллари ҳам бу ердаги Паштун миллатчи партияси вакиллари ҳужумчилар нишонига тушганлар.

Сабаби, бу ҳизб вакиллари Толибонга қарши чиққанлар.

Бир кун олдин эса Покистон ҳукумат кучлари Ҳайбар довонидаги жангариларга қарши ҳарбий амалиёт ўтказиб қирққа яқин исёнкорни ўлдирганлари ҳақида хабар қилган эди.

Бироқ ахборот агентликлари ёзишича, Толибон вакиллари бу ҳужум у қадар катта аҳамиятга эмас, дейишган.

Сўнгги худкушлик ҳужумида нишонга олинган мулозим Толибонга қарши кўнгилли жангчилар гуруҳини тузган эди.