Интернетга душман мамлакатларнинг сони кўпайган

"Чегара билмас мухбирлар" Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Халқаро ташкилотнинг мақсади бутун дунёда интернетга эркин кириш муаммоларига жамоатчилик диққатни қаратишдир.

"Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилотининг янги эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон ва Туркманистон интернетга душман мамлакатлар сифатида мустаҳкам ўрнашишган.

Янги ҳисоботга кўра, интернет душманлари рўйхатини Белоруссия ва Баҳрайн давлатлари тўлдирган.

Бундан ташқари рўйхатда Хитой, Эрон, Куба, Шимолий Корея, Бирма, Саудия Арабистони, Сурия ва Вьетнам давлатлари бор.

"Чегара билмас мухбирлар"нинг ҳисоботига кўра, 12 мамлакатнинг ҳукумати интернетдан эркин фойдаланишни кескин қисқартирган, интернет саҳифаларга тўсиқлар қўйилган.

Жумладан, "Мухбир"ларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати араб инқилоблари муҳокама қилинган форумларга тўсиқ ўрнатган.

Хитойда "жасмин" сўзига тўсиқ ўрнатилган.

Хитой хусусий интернет компанияларга босим ўтқазиб, уларни ҳукумат билан яқинроқ ҳамкорлик қилишга мажбурлайди, дейилади янги ҳисоботда.

Эронда ҳукуматни қониқтирмайдиган қатор интернет фойдаланувчилар ҳибсга олинган.

Қозоғистоннинг ўтган йилги даражаси пасайган: у "кузатув остидаги мамлакатлар " рўйхатига тушган.

"2010 йилда Оврўпода Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилганидан сўнг ўзини минтақанинг етакчиси сифатида кўришни хоҳлаган эди," дейди "Чегара билмас мухбирлар".

Бироқ Қозоғистон ўз ваъдаларида турмасдан, интернет устидан цензурани кучайтирди, дейилади ҳисоботда.

"Мамлакатда интернет устидан қаттиқ назорат ўрнатилишига Жанаўзенда нефтчилар намойишининг бостирилиши, оммавий тартибсизликлар, сирли террорчилик хуружлари ва бошқа ҳодисалар етаклади", дейилади халқаро ташкилот йиллик ҳисоботида.

"Чегара билмас мухбирлар"нинг таъкидлашича, Россияда интернет блоггерлар ва интернет фойдаланувчиларнинг ҳибсга олиниши кузатилган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ҳибсга олишдан мақсад сиёсий вазият ҳақидаги муҳокамаларнинг интернетда тарқалишини олдини олиш бўлган.

"Интернетдаги сўз эркинлиги куни" илк бор 2006 йилда жорий этилган, алоҳида кун сифатида 2008 йил 12 мартидан буён нишонлаб келинади.

Уни ЮНЕСКО кўмагида ташкил қилган "Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилотининг мақсади бутун дунёда интернетга эркин кириш муаммоларига жамоатчилик диққатини қаратишдир.

Бу мавзуда батафсилроқ