Москвада намойишлар ҳақидаги қонун ўзгартириладими?

Москвада намойишлар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кейинги ойларда Москвада бўлиб ўтган оммавий намойишларда юз минглаб одамлар қатнашган.

Россия ҳукумати митинг ўтказиш қонунига ўзгартириш киритишга қайтадан мурожаат қилмоқчи.

2010 йилда президент Дмитрий Медведев бу масалани муҳокама қилинишини тўхтатган эди.

Шаҳар мэрлигидаги манбаанинг Би-би-сига хабар беришича, охирги воқеалар "митинг ҳақида"ги қонунни қайта кўриб чиқиш вақти келганини кўрсатган.

Бу ташаббус қисман Москва ҳукуматидан чиққанлиги айтилган.

Москва шаҳар мэри учун тайёрланган ҳужжатда кўп минг кишилик намойишлар пойтахтда коммунал хизматлар ишини мураккаблаштирган ва шаҳар хазинасига миллионлаб рубл зарар келтиргани айтилган.

Пойтахт расмийлари бу ҳақда аниқ бир фикр билдиришмаган.

2010 йил Давлат Думаси кўча акцияларини ўтказиш ҳақидаги қонунни ўзгартиришни илгари сурган, унга кўра, машиналар иштирокида митингда қатнашиш тартибларини кўриб чиқиш, тартибни бузганларга жазо пулини ошириш кўзда тутилган эди.

Охирги дақиқада қонунга Дмитрий Медведев вето қўйган, бундай қонун "фуқароларнинг эркин равишда митинг, намойиш, йиғилиш ўтказиш каби конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишига халақит бериши мумкин"лиги билан изоҳланган эди.

Кейинги ойларда Москвада бўлиб ўтган оммавий намойишларда юз минглаб одамлар қатнашган.

Путин тарафдорлари ва мухолифлари мамлакат пойтахтида митинглар ўтказишган.

Шу билан бирга мухолифат ташкил қилган акцияларга фақат Москва аҳолиси йиғилган бўлса, ҳукуматни қўллаб-қувватлаган намойишларга узоқ ҳудудлардан ҳам кўплаб одамлар олиб келингани айтилган.

Шунингдек, пойтахтга бошқа ҳудудларнинг минглаб полиция ва ички қўшин аскарлари, оғир техника воситалари ҳам жалб қилинган.

Шаҳар мэрлигидаги манбаанинг Интерфакс агентлигига айтишича,"митинг ва йиғилишлар пойтахт ҳаётининг одатдаги кундалик ҳаёт тарзига таъсир қилади, транспорт ҳаракатини бузади, шаҳар хўжалигига зарар етқазади".

Охирги мухолифат намойиши Новий Арбатда 10 мартда бўлиб ўтган.

Намойишга тахминан 10 мингдан 25 минггача киши қатнашган.

Пойтахт расмийларига кўра, намойиш маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлган.

Бир кун ичида камида 50 тача норозилик аризаси тушган, улардан 29 тасида фуқаролар Москва шаҳрида ҳар қандай намойишни ўтқазиш бекор қилинишини ва митингларни махсус жойларда ўтказилишини таклиф қилишган.

Москваликлардан Владимир Путинни қўллаб ўтказилган намойишларга нисбатан ҳам норозилик аризаси тушганми йўқлигини Россия пойтахти расмийлари очиқламаганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ