Сурия: Ҳомсда одамлар қийнаб ўлдирилган

Ҳомсда яна инсонлар ҳалок бўлган Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳомснинг икки туманида ҳалок бўлганларнинг кўпи қийнаб ўлдирилган

Мухолифат фаолларига кўра, Ҳомс шаҳрида давом этаётган ҳужумларда камида 47 киши ўлдирилган.

Карм аз-Зайтун туманида ўтган кеча танасида қийноқ аломатлари бўлган жасадлар топилган.

Сурия ҳукумати бу хабарни тасдиқлаган ва "қуролланган террористлар"ни қотилликларда айблаган.

Сурия миллий кенгаши бу ваҳшийликларни муҳокама қилиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисини ўтказишни талаб қилган,- деб хабар беради Ассошэйтед пресс агентлиги.

Мухолифат вакилларидан бири Ҳожи Абдулла Франс-пресс агентлигига душанба куни эрталаб 26 бола ва 21 аёлнинг жасади топилганини, уларнинг кўпчилиги бўйнидан кесилгани, бошқаларининг таналарида ўйилган жойлар бўлганини айтган.

Бошқа фаолларнинг маълумотига кўра, қурбонларнинг баъзилари устидан керосин қуйиб, тириклайин ёқиб юборилган.

Сурия миллий кенгашининг аъзоси Мулла Жундининг айтишича, кейинги ҳафталарда Карм аз-Зайтун тумани Баба Амр каби ҳукумат қўшинлари томонидан қақшатқич ҳужумларга тутилмоқда.

Унга кўра, танклардан ракета ҳужумларига тутилган туманларда аскарлар уйларга кириб, қочиб кетмаган одамларни ўлдирмоқда.

Мухолифат бу қотилликларда ҳукуматнинг "Шабиҳа" милициясини айблаган.

"Шабиҳа"нинг Ҳомсдаги фаолияти ҳукуматни энг оғир жиноятларга алоқаси йўқдек қилиб кўрсатишга имкон бераётганлиги айтилган.

Олдинроқ, БМТнинг махсус элчиси Кофи Аннан бир неча кун давомида президент Ассад билан олиб борилган музокаралардан сўнг Дамашқни тарк этаркан, Суриядаги зўравонликлар тўхтатилишига умид билдирган.

Унинг айтишича, можароларни ҳал этиш учун президент Башар ал-Ассад олдига "аниқ масалалар" қўйилган. Бироқ жаноб Аннан бу масалаларнинг аниқ нима эканлигини ошкор этмаган.

БМТнинг охирги ҳисоботига кўра, Суриядаги зўравонликларда 7,5 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.