Америка Мудофаа вазири Афғонистонга сафар қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Афғонистонга сафари олдидан Панетта жаноблари Бишкекда бўлган

Америка Мудофаа вазири Леон Панетта Афғонистонга аввал эълон қилинмаган сафарини бошлаган.

Мулозимларга кўра, Панетта жанобларининг Афғонистонга сафари Якшанба куни Америка аскари 16 нафар афғонни отиб ўлдиришидан аввал режаланган.

Америка Мудофаа вазири Афғонистон президенти Ҳомид Карзай билан учрашади.

Мухбирларга кўра, Афғонистон ва Америка мулозимлари ҳар икки мамлакат аҳолиси томонидан тобора кўпроқ қораланаётган уруш юзасидан жиддий босим остида қолмоқда.

Мудофаа вазири Американинг Афғонистондаги қўшинлари билан учрашадиган.

Якшанба кунги фожеадан кейин халқаро қўшинлар орасида Толибларнинг эҳтимолий қасос амаллари юзасидан хавотир кучайгани айтилади.

Афғонистонга сафари олдидан Леон Панетта Американинг бу мамлакатдаги стратегияси ишлаётганига ишонишини ва Якшанба куни рўй берган қотиллик Вашингтоннинг дастурамалига жиддий таъсир қилмаслигини айтган.

"Мен биз тўғри йўлдамиз деб ўйлайман. Биз одамларни бу каби воқеалар ўз стратегиямизга таъсир қилмаслигига ишонтиришимиз керак”, деб айтган Панетта жаноблари.

Айни пайтда Америкада президент Обама ва Британия бош вазири Девид Камерон Афғонистондаги уруш хотимасини муҳокама этишган.

Ишонилишича, Афғонистон кучлари халқаро қўшинлардан 2013 йилнинг ўрталарига келиб назоратни ўз ихтиёрларига олишади.

Бу аввал режаланганидан эртароқдир, аммо президент Обама “ биз чиқиб кетишга шошилмаймиз” деб айтган.

Мухбирларга кўра, Афғонистонда Америкага қарши ҳиссиётлар якшанба кунги қотилликдан аввал ҳам авжига чиққанди.

Ўтган ой Америка қўшинлари атайинчиликдан холи равишда Қуръон нусхаларини Америка базасида ёқиб юборганлари аксарият афғонларнинг қаҳру ғазабига сабаб бўлган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ