Сурия кучлари “ Идлибни ишғол қилишган”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Исёнкорлар Идлибни тарк этишган

Мухолифат фаолларига кўра, Сурия ҳукумати кучлари шимолий ғарбдаги Идлиб шаҳри устидан бир неча кунлик жанглар ортидан назорат ўрнатишган.

Хавфсизлик кучлари ҳозирда уйма уй юриб тинтув ўтказишмоқда.

Идлиб мухолифатнинг Озод Сурия Армияси учун қароргоҳ эди.

Ҳозирда исёнкорлар қаерга кетишгани ва аҳоли орасидан қанча қурбон берилгани номаълум.

Айни вақтда БМТнинг Сурия бўйича вакили президент Ассад унга таклиф қилинган тинчлик режаси бўйича жавоб йўллаганини айтган.

Кофи Аннан ўз жавобини ҳозирлаётгани маълум қилинган.

БМТнинг собиқ Бош котиби ҳозирда Араб лигасининг ҳам вакили саналади.

Сурия ҳукуматига топширилган тинчлик режасида ҳар икки томон ҳам оташкесимга риоя қилиши, инсонпарварлик ёрдамга тўсқинлик қилмаслик ва сиёсий мулоқотни бошлаш урғуланган.

БМТга кўра, бугунга қадар Сурияда зўравонликлар оқибатида 8000 киши қурбон бўлган.

Жанглар давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Идлиб ишғолида Сурия ҳукумати қўшинлари қурбони

Аннан жанобларининг сафарига қарамасдан, БМТнинг инсонпарварлик масаларида мулозими Валерии Амосга кўра, ўтган ҳафтада ҳам жанглар давом этмоқда.

Фаолларга кўра, ҳукумат қўшинлари ва ҳукуматпараст жангарилар кўплаб тинч аҳоли вакилларини ўлдиришган.

Чоршанба куни эса ҳукумат қўшинлари тўрт кун давом этган ҳужумдан кейин Идлиб устидан яна назоратни қўлга олганлар.

Шаҳарда асосан сунний мазҳабидаги мусулмонлар истиқомат қилишади.

Шаҳар Туркия билан чегара минтақаларга яқин жойлашган.

"Кеча тундан бери Идлибда жанглар тўхтади”, деб айтган фаооллардан бири AFP хабар агентлиги билан суҳбатда.

Унинг айтишича, Озод Сурия Армияси шаҳарни тарк этишган ва ҳукумат қўшинлари уйма-уй тинтув амалларини бошлашган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, Сурияда ҳибсга олинганлар систематик қийноққа солинмоқда.

Ташкилот қийноқлар учун маъсулларни жавобгарликка тортишга чақирган.

Халқаро Амнистияга кўра, хавфсизлик кучлари ваҳшатнок қийноқлар дунёсини яратишган ва қурбонларини сукут сақлашга мажбур қилишмоқда.

Ташкилот Иорданияга қочиб ўтган сурияликлар билан суҳбатлар асосида 31 хил қийноқ усуллари қўлланилгани ҳужжатлаштирилганини айтган.

БМТ яқин кунларда қўшни мамлакатларга ўз мутахассисларини жойлаштиради.

Улар Халқаро Жиноий Маҳкама эътиборига лойиқ амалларни ҳужжатлаштириш билан шуғулланишади.

Бу мавзуда батафсилроқ