Афғон президенти халқаро кучлар 2013 йилда чиқиб кетишини сўраган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Хавфсизлик учун масулиятни ўзимиз бўйнимизга олишга тайёрмиз"-, деб айтган афғон президенти

Президент Ҳомид Карзай хорижий кучларни режалаштирилган 2014 йилда эмас, 2013 йилда олиб чиқиб кетилишини сўраган.

Афғонистонга ташриф буюрган Пентагон раҳбари Леон Панеттага "Биз ҳозирнинг ўзида масъулиятни ўз зиммамизга олишга тайёрмиз. Биз бу жараён айтилганидек, 2014 йилда эмас, 2013 йилда тугашини истаймиз",- деган Ҳамид Карзай.

Афғон раҳбари АҚШ мудофаа вазиридан Америка аскарлари қишлоқ жойларидан тезлик билан чиқиб кетишларини талаб қилган.

Бу талаб бир неча кун олдин рўй берган Америка аскарининг 16 тинч афғон фуқаросини отиб ўлдириши билан боғлиқдир. Америка ва Афғонистон ўртасидаги муносабат февралда Багром базасида Қуръон ёқилиши ортидан ёмонлашган эди.

Халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқарилиши 2014 йилда мўлжалланган.

Президент Барак Обама кейинги содир этилган ҳодиса афғон миссиясини вақтидан илгари тугатилишига таъсир қилмайди, деб айтган.

АҚШ мудофаа вазири Леон Панетта бу фожеага олиб келган вазиятни яхшилаб ўрганилишини, якшанба кунги қотилликнинг айбдори албатта жазога тортилишини ваъда берган.

Чоршанба куни қотил аскар Қувайтга олиб кетилгани маълум бўлган.

Толибон ўйиндан чиққан

Толибон Қатарда ўзининг ваколатхонасини очиш ва Америка билан маҳбусларни алмаштириш ҳақида бошланган музокараларни тўхтатганлигини билдирган.

Америка музокара шартларини ўзгартиришда давом этаётганини, Толибон эса ўзининг ҳужжатларига Америка аскари томонидан 16 кишининг ўлдирилгани ҳақида ҳатто киритмаганини айтган. Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Квентин Соммервилнинг айтишича, Гуантанамо базасида сақланаётган Толибоннинг беш аъзосини қўлга олинган Америка аскари билан алмаштириш ишлари тўхтатилган.

Би-би-си мухбирига кўра, бу - толиблар тинч музокаралар йўлидан қайтганини англатади. Шу билан бирга, Толибон Ҳомид Карзай ҳукуматини қонуний деб билмайди.

Кечириб бўлмайди

Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилояти Панжвойи туманидаги ҳарбий базада хизмат ўтаётган Америка аскари ўтган ҳафта шанбадан якшанбага ўтар кечаси базага яқин жойлашган маҳаллий аҳоли уйларига кирган, одамларга қарата ўт очган.

Ҳодиса тунги соат 3 ларда юз берган.

Ҳарбий базадан 500 метрча узоқликда жойлашган қишлоқлар номи Алкозай ва Нажибан экани хабар қилинган.

Ҳалок бўлганларнинг тўққиз нафари болалар бўлганлар.

Бир кекса киши ўз оиласининг 11 аъзоси ўлдирилганини айтган.

Бу хонадондаги инсонлар отиб ўлдирилганидан кейин жасадлар ёқиб юборилган.

Исми шарифи ошкор этилмаган аскарнинг яна ҳарбий базасига қайтиб таслим бўлгани хабар қилинган.

Америка ҳарбийларига кўра, ушбу ҳужумдан олдин аскар асабий хуружга дуч келган.

АҚШ Президенти Барак Обама Афғонистон Президенти Ҳомид Карзайга қўнғироқ қилиб таъзия изҳор қилган.

Ушбу қотиллик юзасидан НАТО Бош котиби Андерс фоғ Расмуссен ҳам ҳамдардлик билдирган, НАТО раҳбари баёнотида ушбу ҳодиса синчковлик билан текширилишига ваъда берилган.

Бироқ Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай қотилликни "кечириб бўлмас" деб атаган.