Тожикистон: қор кўчкиси оқибатида камида 2 инсон ҳалок бўлди

тоғ Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Кўчкида камида 2 инсон қор остида қолган

Баланд тоғли Анзоб ва Шаҳристон довонларида қор кўчкиси тагида қолган икки инсон ҳалок бўлган.

Кўчки олиб кетган дея гумон этилаётган яна бир кишининг жасади ҳалигача топилмаган.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси хизмати Айний тумани бўлими бошлиғи Зафаржон Мирзобошиевнинг хабар беришича, кеча тонгги тўртларга яқин тушган қалин кўчки Шаҳристон довони йўлидаги ошхоналардан бирини босиб қолган.

Кўчки тагида қолган икки киши ҳалок бўлган. Улардан бири 24 ёшли йигит бўлган.

Ошхона ходимларидан уч киши жон асрашга муваффақ бўлган.

Айни бир пайтда бундан уч кун олдин бедарак йўқолган Ниёзқул Қуловнинг жасади ҳалигача топилмаган.

Душанбе-Чаноқ йўлида пуллик хизмат кўрсатадиган IRS таш-килотининг ходими бўлган бу кишининг машинаси топилган.

Лекин унинг ўзини кўчки олиб кетгани тахмин этилмоқда.

Мамлакат фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси хизмати ходимларининг айтиш-ларича кўчки тушиш хавфи тобора кучайиб бораётир.

Йўлни тўсиб қўйган бир кўчки тоза-ланмасдан, иккинчиси тушмоқда.

Кеча машина йўлига тушган кўчкини тозалаш учун 9 соат вақт сарфланган.

Йўл тоза-лаб бўлинган заҳоти бошқа кўчки тушган.

Душанбе-Хўжанд йўлининг 81-82 километрларида тушган кўчкининг узунлиги 400 метрга етган. Унинг баландлиги 5 метр бўлган.

"Қалин ва узун бўлган кўчкилардан бири Фондарё дарёсининг нариги қирғоғига ўтиб кетганидан унинг қанчалик кучли ва хавфли бўлганини билса бўлади", - дейди Зафаржон Мирзобошиев.

Айни бир пайтда Анзоб ва Шаҳристон довонларида қор тинмай ёғмоқда. Йўлни кўчки ва қордан тозалаш ишларига маҳаллий йўлдан фойдаланиш хизмати билан биргаликда Душанбе-Чаноқ йўлидаги пуллик хизмат кўрсатувчи IRS ташкилоти техникаси ҳам сафар-бар этилган.

Қор қамоғида қолган 300 тага яқин автомашина хавфсиз ерга ўтказилган.

Тожикистон Жануби ва Шимолини боғлайдиган ягона автомобил йўли ўтадиган Анзоб ва Шаҳристон довонлари уч кундан буён ҳаракат учун тўлиқ ёпиқлигича қолмокда.

Айни бир пайтда Тожикистон фавқулодда ҳолатлар ва фуқаро мудофааси хизматидан билдиришларича мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги тоғ йўлларида ҳам қор кўчкилари юз берган.

Жумладан Душанбе-Хоруғ-Мурғоб ва Рашт-Тавилдара йўлларида қор кўчкиси тушган.

Расмий маълумотларга кўра ҳар йили қор ва тоғ кўчкилари натижасида Тожикистон йўлларида ўнлаб инсонларнинг ёстиғи қурийди.

Одатдагидан кўп ёғингарчиликлар бўлган ва давом этаётган мазкур йилда қор кўчкилари хатари янада ортган.

Умумий ҳудудининг 90 фоиздан ортиғини тоғлар ташкил этадиган Тожикистонда асосий нақлиёт-улов воситаси автомашина ҳисобланади.

Автомашина йўллари эса кўпинча баланд тоғлардан ўтади.

Гарчи кейинги йилларда мамлакатда тоғда янги йўллар ва туннеллар қуриш кўпайган бўлса-да, лекин кузатувчиларга кўра, хавфу хатар бутунлай ариган эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ