'Наврўз байрами кунига тўплаб қўйилган портловчи моддалар топилган'

Image caption Мозори Шарифдаги Ҳазрат Али мақбараси атрофидаги Наврўз байрамида ўн минглаб одамлар қатнашади

Афғонистон хавфсизлик кучлари Мозори Шариф шаҳридаги Балх вилояти ҳокимлиги биносига яқин жойда кўп сондаги портловчи моддани қўлга киритганларлар.

Олти киши ҳибсга олингани хабар қилинган.

Мамлакат жанубидаги Жалолобод шаҳрида ҳам катта сондаги портловчи моддалар Покистондан келтирилган бананлар орасида топилган.

Шу муносабат билан Афғонистон Хавфсизлик бўйича Миллий директорлиги пойтахт Кобулда матбуот анжумани уюштирган.

Матбуот анжуманида Миллий директорлик сўзчиси айтишича, Мозори Шарифда 53 та қоп қўлга киритилган.

Ҳар бир қопда 50 килограмм портловчи модда бўлган.

Афғонистон хавфсизлик идораси сўзчисининг айтишича, ҳужумчилар ушбу портловчи моддаларни кейинги сешанба - Наврўз байрами кунига мўлжалланган ҳужумлари учун тўплаган бўлганлар.

Наврўз байрами Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф шаҳрида мамлакатнинг бошқа ҳудудларига нисбатан ҳам кенг нишонланади.

Ўша куни Мозори Шарифдаги Ҳазрат Али мақбараси атрофида "Жанда Боло" ёки туғ кўтариш маросими бўлиб ўтади.

Бу маросимда ўн минглаб одамлар қатнашадилар.

Бу маросимнинг Ислом дини бу минтақаларга ёйилишидан олдин ҳам мавжуд бўлгани айтилади.

Ҳазрат Али мақбараси Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги замонида ҳозирги шаклга келтирилган.

Афғонистон хавфсизлик идорасидан маълум қилишларича, Покистон чегарасига яқин Жалолобод шаҳрида ҳам 9000 килограмм портловчи моддаларни ҳам қўлга киритганлар.

Бу портловчи моддалар Покистондан банан ортилган юк ичида яширилган бўлган.