Эронга қарши Исроил ё Американинг эҳтимолий ҳужуми оқибатлари қандай? Ва бунинг олдини олиш мумкинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Эронга қарши амалиёт биз халқаро алоқаларда шу кунгача гувоҳи бўлмаган бўлинишларга етаклаши мумкин"

2004 йилда Эрон билан уруш борасидаги миш-мишлар тобора авж олар экан, ўшанба Британия ташқи вазири бўлган Жак Стро Би-би-сига бу каби ҳарбий амалиёт ҳақида сўз юритиш умуман ақлга сиғмаслигини айтганди.

"Агар шундай демаганимда, биз Лейбористлар ҳукумати ичидаги довул ичра қолиб кетган бўлардик", - дейди у бугун.

Чунки ўшанда АҚШ ва Британия эндигина Ироқни ишғол қилганди.

"Британия ҳукумати, айниқса Лейбористлар ҳукумати учун, Ироқдаги воқеаларни ҳисобга оладиган бўлсак, Эронга қарши қандайдир ҳарбий амалиёт ҳақида хатто ўйлаш ҳам имконсиз эди", - дейди у.

"Мен атайлаб бу мавзуни ёпишга қарор қилгандим".

Бугунда Суриядаги вазият тобора фуқаролар урушига ўхшаб борар экан ва Яқин Шарқдаги аҳвол ҳар доимгидан беқарор бўлиб қолар экан, Эронга қарши ҳужум мавзуси яна кун тартибига қайтган. Чунки Вашингтон ва Қуддус Эрон ядровий бомбани қўлга киритишига оз қолди деб ишонишади.

Эндиликда хатто Жак Стро ҳам бу каби ҳужум имконли деган фикрда - унинг ишончи шунчалар кучлики, у бунга қарши кескин огоҳлантиришлар билан чиқаяпти.

"Эронга қарши амалиёт биз халқаро алоқаларда шу кунгача гувоҳи бўлмаган бўлинишларга етаклаши мумкин", - дейди у.

"АҚШ ва Британия бир томонга, ўзга Оврўпо давлатлари ўртада, Россия, Хитой, Бразилия ва Ҳиндистон эса бошқа томонга ажралиб қолган кескин бўлиниш юзага келади".

Исроил биринчи бўлиб ҳужум қиладими?

Хўш, Эронга қарши урушнинг хавфи нақадар катта ўзи?

Би-би-сининг 4-радио канали учун олиб борилган қатор суҳбатларда биз Эрон, Исроил ва Америка ташқи алоқаларидаги етакчи арбоблар бир қарашга келишганларига гувоҳ бўлдик. У ҳам бўлса, Эроннинг ядровий дастури туфайли юзага келадиган урушнинг бугунда ҳар доимгидан ҳам эҳтимоли катта.

"Исроил 2012 йилда биринчи бўлиб Эронга ҳужум қилиш эҳтимоли бор", - дейди яқинда қатор юқори даражали Исроил сиёсатчилари билан суҳбатларни ёзиб олган журналист Ронен Бергман.

"Исроил армияси ҳужумга тайёрланмоқда, йирик куч тўпланмоқда", - дейди у.

Зиддият айнан ҳозир энг учига чиққанига сабаб шуки, Исроил жосуслик хизматлари Эроннинг айниқса Қом яқинидаги Фордов ядровий иншооти етарлича уранни бойитиб бўлганига ва тўққиз ойдан сўнг "даҳлсизлик ҳудуди"га киришидан хавотирдалар.

Исроилликлар ишонишича, ундан сўнг Эроннинг ядровий иншоотлари ер остига шунчалар чуқур кўмилади ва кенгроқ тарқатиладики, улар Исроил ҳужумларига даҳлсиз бўлиб қоладилар.

Эрон ўзи имзо чеккан Ядровий қуролларни тарқатмаслик битимига биноан уранни фуқаровий мақсадларда бойитишга ҳақли эканини айтади.

Лекин, Эрон Халқаро Атом Агентлигининг мезонларини қайта-қайта бузиши ортидан БМТ Хавфсизлик Кенгаши унга қўшимча мажбуриятларни юклатиш борасида қарор қилган.

Бироқ, Бергманга кўра, Исроил раҳбарлари учун бу етарли эмас.

"Яна бир Холокост хавфи олдида турган бўлсангиз, бутун миллат йўқ қилиниши таҳдиди бор деган фикрда бўлгангиз, албатта, бу хавфни бартараф қилиш учун қўлингиздан келганини қиласиз", - дейди у.

Ўз навбатида, АҚШ ҳам Исроилнинг Эронга нисбатан ишончсизлигига қўшилади. "Уруш борасидаги миш-мишлар"ни қоралаганига қарамай, Президент Обама ҳам АҚШ Эронга қарши ҳарбий амал қилиши эҳтимоли ҳақида гапирган.

Ҳизбуллоҳнинг роли қандай бўлади?

Президент Обаманинг баъзи маслаҳатчилари унданда кескинроқ фикрдалар.

"Исроилнинг ҳарбий қудрати чекланган, у Эрон ядровий дастурига оз шикаст етказади. Шундай экан, агар ҳужум бўладиган бўлса, уни Исроил эмас, АҚШ амалга ошириши керак", - дейди ўтган йили Пентагонда Эрон бўйича махсус маслаҳатчи бўлиб ишлаган Матю Крёниг.

Унинг фикрида, зиддиятнинг авж олиб кетмаслиги йўлида Эроннинг ҳарбий жавобини "жиловлаш" мумкин.

Эрон ўйлаб жавоб беради, яъни у бор кучини ишга солмасдан жавоб қайтаради. Чунки Эрон билади, агар у ҳаддидан ошса, бошидан айрилиши мумкинлигини", - дейди у.

Ҳозирча музокараларга рози бўлаётганига қарамай, афтидан Эрон ҳам ўзини урушга тайёрлаяпти.

"Агар АҚШ ё Исроил урушни бошласа, улар жавоб қайтаришади, жимгина уйларида ўтиришмайди", - дейди ҳозирда Америкада яшайдиган Эроннинг собиқ ядровий музокарачиси Сайид Ҳусайн Мусавиян.

Эроннинг жавоб қайтариш усулларидан бири ўз иттифоқчиси Ҳизбуллоҳни ишга солиш бўлиши мумкин.

Ливанда жойлашган Ҳизбуллоҳ жангари ҳаракати Исроил томонга ўқталган минглаб ракеталарига эга.

Лекин, Мусавиян жаноблари Эроннинг жавоби бундан қаттиқроқ бўлишига ишонади. "Эрон Исроилга юзма-юз чиқади ва Эронга қарши урушни қўллаб-қувватлаган давлатларни ҳам жазолайди", - дейди у.

"Америка инфратизилмаси, дипломатлари ва ходимлари жаҳоннинг ҳар бурчагида хавф остида қоладилар. Бу минтақадаги ҳарбий ҳужум барча мусулмонларни жавоб қайтаришга қандай рағбатлантиришини тасаввур қилсангиз керак", - дейди собиқ музокарачи.

"Ядровий гаров"

2003 йилда Эронни уранни бойитишга кўндиришга муваффақ бўлган Жак Стро урушдан бошқа танлов ҳам бор деган фикрда.

"Бевосита ҳарбий ҳужум қилгандан кўра, Эронни ихоталаш ва жиловлаш сиёсатини олиб боришимиз мумкин. Бу режимга босим ўтказишнинг ноҳарбий йўллари бор", - дейди у.

Лекин, агар Эрон ядровий қуролни яратиш мақсадида экан, Ғарб билан музокарага кириб нима қилади?

"Ўйлашимча, Эрон ўз дастури борасида баъзи тактик чекловларга рози бўлиши мумкин", - дейди Хавфсизлик масалалари бўйича халқаро институт олими Марк Фицпатрик.

"Лекин улар ядровий гаров ўйнаш қобилиятига эришиш йўлида бутун дастурларидан воз кечишмайди", - дейди у.

"Ядровий гаров" деганда Эроннинг ядровий бомбани яратиш учун етарлича бойитилган уранга эга бўлиши, лекин бу бомбани яратмаслиги тушунилади.

Икки томоннинг ҳам шунга келишиш имкони бор. Ва Жак Стро бу каби муроса ва дипломатия билан вақтдан ютиб қолиш мумкинлигини айтади.

"Агар Эронга қарши иқтисодий ва ижтимоий босим ушлаб турилса, Эроннинг ўзи учун муросага келиш манфаатли бўлади", - дейди у.

"Мен келажакда Эронда ўта бошқача ҳукумат юзага келишига ишонаман, чунки мен демократия ва озодлик фикрига ишонаман", - дейди жаноб Стро.

Ҳеч бўлмаса бугун айнан дипломатия Вашингтон ва Лондон афзал кўрган усул бўлиб қолаётир. Лекин, унинг кучи борган сари сусайиб бормоқда.

"Ҳар қандай йўл тутилиши мумкин", - деди Британия Бош Вазири Девид Камерон ўтган ҳафта Президент Обама билан учрашувида.

Кўплаб дипломатлар муроса деб атаётган жараённи Қуддусдагилар сувни янада лойқалаштириш деб атаса ажабмас.

Журналист Ронен Бергман Исроил Мудофаа Вазири Эҳуд Барак билан суҳбатини эслайди: "Барча танлов йўллари муҳокама қилинаяпти, лекин жиловлаш усули кун тартибида эмас" деган у.

"Яҳудий давлатини ҳимоя қилиш ва келажагини таъминлаш, ва яҳудийларнинг тақдирини мудофаа қилиш бизнинг масъулиятимиз, ва биз бу масъулиятга жуда-жуда жиддий ёндошамиз", - деб айтган Эҳуд Барак.