Оврўосиё иқтисодий иттифоқига ким тўсқинлик қилмоқда?

EврАзЭс
Image caption ЕврАзЭСни ислоҳ қилиш учун яна камида 3 йил керак бўлиши айилмоқда

Москвада Оврўосиё Иқтисодий Ҳамжамияти (ЕврАзЭс) саммити бўлиб ўтди.

Саммитда уюшмани бартараф этиш ва унинг ўрнига моҳиятан Оврўпо Иттифоқига ўхшайдиган Оврўосиё Иттифоқини тузиш режаланган эди.

Аммо, Белорус эътирозлари туфайли ЕврАзЭс сақланиб қолди, Оврўосиё Иттифоқини барпо этиш кечиктирилди.

Минск бўлажак иттифоқ оладиган ҳар қандай қарорга давлат даражасида таъқиқ қўйиш ҳаққини талаб қилмоқда.

Москва эса якуний қарорларни олиш Олий Кенгаш зиммасида бўлиши зарурлиги ва унинг қарорларини бажариш Оврўосиё Иттифоқига аъзо давлатлар учун мажбурий бўлиши кераклигини истайди.

Натижада ҳамжамият иттифоққа айланмади. Иттифоққа оид янги битим эса фақат 2015 йилга бориб имзоланиши кутилмоқда.

Оврўосиё Ҳамжамияти унга аъзо давлатлар орасида умумий ташқи божхона чегарасини барпо этиш мақсадида 2001 йилда қурилган эди.

Россия ва Белорусдан ташқари унга Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо бўлиб кирган. Арманистон, Молдавия ва Украина кузатувчи мақомига эгалар.

Путин ғоялари

Божхона Иттифоқи ва келажакда Оврўосиё Иттифоқи асосида стратегик сиёсий иттифоқни тузиш ғоясини илк бор Владимир Путин 2011 йил кузида илгари сурди.

У мазкур иттифоқ жаҳондаги қудратнинг энг йирик маркази бўлиши ва геосиёсий ва геоиқтисодий воқеликни ўзгартиришини айтди.

Владимир Путин бу иттифоқ Совет Иттифоқидан ўзгача қадриятларга таянишини билдирди.

У янги иттифоқни Божхона Иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд асосида яратиш ва уни "замонавий дунёнинг қутбларидан бирига" айлантириш ниятида эканини айтди.

Владимир Путин режасига мувофиқ, Россия, Белорус ва Қозоғистон янги иттифоққа 2012 йил 1 январидан аъзо бўлиб киришлари керак эди.

Янги иттифоқ, Владимир Путиннинг ишонишича, Оврўпо Иттифоқи сингари қудратли иттифоққа айланиши керак.

Вақт ўтиши билан ушбу иттифоққа Қирғизистон ва Тожикистон қўшилишлари кутилган.

Буёғи нима бўлади?

Москвада 19 март куни бўлиб ўтган саммитда сўз асосан давлатлар ўртасидаги интеграцион жараёнлар ЕврАзЭс чорчўбасида қай тарзда ривожланиши зарурлиги ҳақида борди.

Қудратни Владимир Путинга топшираётган Россия президенти Дмитрия Медведевнинг айтишича, ушбу жараёнлар "кутилган сценарий асосида юз бериши" ва 2015 йилга бориб Оврўосий Иттифоқи барпо этилиши зарур.

Россия президентининг қайд этишича, ЕврАзЭсни қайта қуриш қарори декабр ойида олинган.

Бу босқичда давлатлар ўнгида турган асосий масала янги иттифоқнинг қай тарзда фаолият кўрсатишидир.

Ҳозирча умумий идорий органларни тузиш масаласи муҳокама этилмоқда.

Давлатлар устидан назорат этувчи органлар фаолияти асосий баҳс мавзусига айланган.

Саммит арафасида Украина президенти Виктор Янукович ЕврАзЭсга тўлақон аъзо бўлиб кириш "Украина суверенитетининг баъзи бандларига зид" келишини айтди.

Россия ва Беларус ҳам айнан мана шу нуқтада келиша олмаётирлар.

Минск бўлажак иттифоқни "Ягона Иқтисодий Ҳудуд" деб номланишини истайди ва ҳар бир давлат ҳар қандай давлатлараро битимни тан олмаслик ҳуқуқига эга бўлиши зарур деб ҳисоблайди.

Москва эса Оврўосиё Олий Кенгаши қабул қилган ҳар қандай қарорни иттифоққа аъзо давлатлар тан олиши керак деган фикрда.

Бу мавзуда батафсилроқ