Франция: отишмаларда гумон қилинган Муҳаммад Мераҳ ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Муҳаммад Мераҳ "Фаластинда ўлдирилган болалар ва Франция армиясининг Афғонистондаги жиноятлари учун ўч олган"ини айтган

Франция ташқи ишлар вазири Клод Геан пайшанба куни етти кишининг ўлимида гумон қилинган Муҳаммад Мераҳнинг ўлдирилганини маълум қилган.

Унга кўра, полиция гумон қилинган шахснинг уйига бостириб кириб, ҳамма хоналарни кўздан кечирган.

Ювиниш хонасини махсус кузатиш воситаси ёрдамида кўришга уринганида, Мераҳ у ердан чиқиб, ўт очган.

Полиция жавобан ўқ отганида айбланувчи қўлида қурол билан ўзини деразадан ташлаган ва ўқ ёмғири остида отишда давом этган.

Ҳодисада уч полициячи яраланган. "У ердан ўлик ҳолида топилди",- деб айтган Клод Геан.

Тулуздаги Муҳаммад Мераҳ яшаган уй 32 соат давомида қамал қилинган.

Олдинроқ Франция полицияси яҳудийлар мактабида болаларни отиб ўлдирган шахснинг тирик эканлигига шубҳа қилаётганини айтган.

Охирги марта 23 ёшли Муҳаммад Мераҳ билан чоршанба куни кечқурун алоқага чиқилган.

Ички ишлар вазири Клод Геаннинг айтишича, айбланувчи қўлида қурол билан ўлишга аҳд қилган.

Би-би-си мухбирига кўра, кечқурун қамал қилинган уй томондан портлаш ва отишма овозлари эшитилган.

Олдинроқ Мераҳни қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган, лекин расмийлар буни тасдиқламаган.

Расмийларга кўра, портлаш Мераҳни қўрқитиш ва таслим бўлиши учун уюштирилган.

Муҳаммад Мераҳ таслим бўлишга кўнмаган, у деразадан тўппончасини улоқтирган.

Унда бундан ташқари Калашников автомати ва гранатаси борлиги маълум бўлган.

Мераҳнинг қўшниси уни жуда хушмуомала одамлигини, мотоцикл ва футболга қизиқиши баландлиги, ўзи жуда ҳам диндорга ўхшамаганини айтган.

Муҳаммад Мераҳ Афғонистонда портловчи моддаларни тайёрлашда айбдор топилиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилган.

2008 йил ҳибсдаги Толибон аъзолари билан бирга қамоқдан қочган.

Полицияга гумон қилинган одамни топишда қурбонлардан бири франциялик ҳарбийнинг интернетдаги рекламаси ёрдам берган.

Ҳарбийнинг "мотоцикл сотаман"деган эълонига 575 киши жавоб қайтарган.

Жавоблардан бири гумонланувчининг онасига тегишли компьютердан жўнатилган.

Воқеа жойига айбланувчининг онаси у билан музокарага ёрдам бериши учун олиб келинган, лекин у ўғлига таъсир ўтказолмаслигини билдирган.

Муҳаммад Мераҳ "Фаластинда ўлдирилган болалар ва Франция армиясининг Афғонистондаги жиноятлари учун ўч олгани"ни, ўзини ислом аскари ва "Ал-Қоида" аъзоси деб билишини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ