Ҳиндистонда чўчқа гриппидан 12 инсон ҳалок бўлди

Image caption Ҳиндистонда 130 га яқин чўчқа гриппига чалиниш ҳолати қайд этилган.

Ҳиндистонда 12 нафар инсон чўчқа гриппи қурбонига айланишди, дея хабар беради мамлакат соғликни сақлаш вазирлиги.

Қурбонларнинг ярими Ҳиндистон ғарбида жойлашган Маҳараштра штатига тўғри келади.

Яна беш одам Ражастхан ва бир нафар инсон эса Андҳра-Прадеш штатида ҳаётдан кўз юмган.

Ҳиндистонда ҳозиргача, ҳаммаси бўлиб, 130 га яқин чўчқа гриппига чалиниш ҳолати қайд этилган.

Гриппнинг пайдо бўлишига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум қолмоқда.

"Соғликни сақлаш вазирлиги вазиятни кузатиб келмоқда, хавотирга ҳожат йўқ. Касаллик тарқалган штатларда профилактика чораларини кучайтиришга топшириқ берилган", - дея баён қилди вазирлик вакили.

Бироқ Маҳараштра штатидаги Пуна шаҳридан чўчқа гриппига чалинган одамларнинг шифохоналарга мурожаат қилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

"Талвасага тушиш ҳолати кузатилгани йўқ, аммо шифохонага ҳар куни янги беморларни олиб келишаяпти," –деди маҳаллий журналистлардан бири Би-би-си билан суҳбатда.

2009-йилда чўчқа гриппидан Ҳиндистонда 450 инсон ҳалок бўлганди. Ўшанда чўчқа гриппига, ҳаммаси бўлиб, 13 минг инсон чалинган эди.

2009 йилда дунё бўйлаб 1200 нафар инсон чўчқа гриппи қурбонига айланганди.

Чўчқа гриппига чалиниш ҳоли илк бор 2009 йил апрелида Мексикада қайд этилган.