Сурия инқирози: ОИ Асма ал-Ассадга қарши санкциялар қўллайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Дипломатларга кўра, Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Сурия раҳбари Башар ал-Ассаднинг Британияда таваллуд топган хотинига қарши жазо чораларини қўллашади.

Асма ал-Ассадга бундан буён Оврўпо Иттифоқи ҳудудига сафар қилиш таъқиқланади ва унинг Оврўподаги банк ҳисоблари музлатиб қўйилади.

Ассад хонимдан ташқари президент дохил 11 нафар суриялик давлат арбоби аллақачон санкцияларга рўбарў бўлган.

Аммо, Оврўпо Иттифоқи ҳудудига таъқиқ Асма ал-Ассадга Британияга сафар қилишига изн берадими-йўқми, маълум эмас.

Суриялик аксил-ҳукумат фаоллари режимни ўтган йилдан буён минглаб намойишчиларни ўлдиришда айблашади.

Ўтган ҳафталарда расмий Дамашқ кўплаб шаҳарларда, жумладан Ҳомс ва Ҳамада исёнчиликни бостиришга қаратилган ҳаракатларини кучайтирди.

Фаоллар ҳар куни ўнлаб инсоннинг ҳалок бўлаётгани ва намойишлар ҳақида хабар беришмоқда.

Жаноб Ассад сиёсий ислоҳотлар ўтказишга ваъда берган, аммо кузатувчилар ва унинг рақиблари бу ваъдаларни “кўзни чалғитишдан бошқа ҳеч нарса эмас” дея рад этишади.

Брюсселдаги Би-би-си мухбири Крис Морриснинг айтишича, узоқ йиллардан буён Ассад хонимнинг ғарбда улғайгани Сурияда ислоҳотларга йўл очиши мумкин деган тушунча бор эди.

Асли суриялик бўлган, аммо ҳаётининг катта бир қисмини Лондон ғарбида ўтказган 36 яшар Асма ал-Ассад Суриядаги режим кундалик ҳаётида ҳеч қачон муҳим рол ўйнамаган.

Бироқ, феврал ойида у Британиянинг “Таймс” рўзномасига нома битиб, унинг эри Сурияни бошқаришга лойиқ инсон эканини изоҳлашга уринган эди.

Ўтган ҳафта суриялик фаоллар жаноб Ассад ва унинг хотини шахсий банк ҳисоблари ҳақида маълумот берган 3 мингга яқин электрон мактубларни тарқатишди.

Мустақил манбалардан тасдиқланмаган ушбу электрон мактубларда Ассад хонимнинг ҳалиям интернет орқали қимматбаҳо дўконлардан харид қилаётгани ҳақида сўз боради

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг айтишича, ўтган йил март ойида жаноб Ассад режимига қарши қўзғолон бошланганидан буён 8 миндан зиёд одам ҳалок бўлган.

Башар ал-Ассад ва унинг иттифоқчилари зўравонликлар ортида террорчилар ва қуролли жиноий тўдалар тургани ва улар томонидан юзлаб ҳуқуқ тартибот ходимлари ҳалок этилганини айтишади.