Мисрда футбол клубининг четлатилиши тўқнашувларга етаклади

Порт Саид Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ал-Масри жамоасининг футболдан четлатилиши жамоа тарафдорларини ғазабга келтирган

Миср матбуотига кўра, Ал-Масри клуби футболдан четлатилиши ортидан Порт Саид шаҳрида юз берган тўқнашувлар пайтида 13 яшар болакай отиб ўлдирилган.

Ал-Масри жамоаси тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда яна ўнлаб одамлар яраланган.

Мисрнинг энг етакчи жамоаларидан ҳисобланган Ал-Масри феврал ойида жамоа стадионида юз берган зўравонликлар ортидан икки йилга футболдан четлатилган.

Мазкур зўравонликларда 74 одам ҳалок бўлганди.

Ҳодиса юзасидан қўзғатилган тергов иши ҳамон давом этмоқда.

Ал-Масри жамоасининг футболдан четлатилиши клубнинг Миср чемпионатида 2013 йил охирига қадар қатнаша олмаслигини англатади.

Қарордан ғазабланган юзлаб Ал-Масри ишқибозлари жума ошқоми Порт Саид кўчаларига чиққанлар ва ҳукумат биносини муҳосирага олганлар. Миср қўшинлари оломонни тарқатиб юбориш учун ҳавога қарата ўт очган.

Расмий Ал-Аҳрам газетасига кўра, орқасидан ўқ еган 13 яшар болакай шифохонада оламдан ўтган.

Армия Сувайш каналига етиб олишган уринган намойишчиларни қайтаришга уринар экан яна ўнлаб одам яраланган.

Рейтерс ахборот агентлиги шифокорларга таяниб хабар беришича, ўқ еган яна икки одам шифохонада даволанмоқда.

Февраль зўравонликлари Ал-Масри стадионида Қоҳиранинг Ал-Аҳли жамоаси билан бўлиб ўтган учрашув ортидан бошланганди.

Ал-Аҳлий жамоасига тўрт учрашувни ёпиқ эшиклар ортида ўтказиш қарори олинган . Жамоа мураббийи ва сардори четлатиб, жаримага тортилган.

Ал-Масрий жамоасига чиқарилган жазони кучсиз дея баҳолаган Қоҳира жамоаси тарафдорлари якшанба куни Ал-Аҳли стадионига тўпланишларини маълум қилганлар.

Икки жамоа азалий рақиб бўлиб, улар ўртасидаги учрашувлар ўнгидан доимо хавфсизлик чоралари кучайтирилади.

Бу мавзуда батафсилроқ