Қандаҳор қирғини:Ўлдирилган ҳар афғон учун $46000 хун пули

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қандаҳордаги қишлоқда ўлдирилган ҳар бир афғоннинг жони учун АҚШ ҳарбийлари 46 минг доллардан хун пули тўлашни муносиб топганлар

АҚШ армияси Қандаҳор вилоятида ўз аскари отиб ўлдирган ҳар бир афғон учун 46 минг доллар хун пули тўлаган.

Ушбу хабарни эълон қилган Афғон расмийлари ҳар бир яраланган одам 10 минг доллардан товон пули олганини ҳам қайд этганлар.

АҚШ аскари Роберт Бейлс Қандаҳордаги қишлоқда 17 кишини ўлдиришда расман айбланмоқда.

Аскар тунда базадан чиқади ва яқиндаги қишлоққа келиб, уйида ухлаб ётган одамларни отиб ташлайди. Кейин айрим жасадларга ўт беради.

Қурбонларнинг аксариси - аёллар ва ёш болалар.

Би-би-сига маълум бўлишича, Қандаҳор ҳокими идорасида АҚШ ва НАТО ҳарбийлари қрубонларнинг қариндошлари билан учрашганлар.

Қандаҳордаги қирғинга шоҳид бўлган айрим афғонлар эса маҳкамада гувоҳ сифатида кўрсатма бериш учун АҚШга олиб бориладилар. Баъзилар Афғонистондан туриб, видеоалоқа орқали гувоҳлик беришади.

Афғон фуқароларини отиб ўлдиришда айбланаётган аскар ҳозир Афғонистондан олиб чиқиб кетилган ва АҚШнинг Канзас штатидаги қамоқхонада сақланмоқда.

Аскар Бейлснинг ҳимоячисига кўра, қирғин оқшоми у маст бўлган ва нима содир бўлганини яхши эслолмайди. Ҳимоячи Жон Ҳенри Брауннинг айтишича, аскарга қарши қўлланиладиган "далил йўқ" ва у қирғинни қилганига "иқрор ҳам бўлмаган".

Афғонлар унинг Афғонистонда маҳкамага тортилишини ва тезда ҳукм чиқарилишини талаб қилган эдилар.

Лекин Сержант Бейлснинг маҳкамаси бир неча йилга чўзилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. У агар айбдор, деб топилса ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Кузатувчилар эндиликда исёнкорлар тарафидан қасос амаллари бошланиб кетиш хавотирларини айтишади.

Шанба оқшоми Қандаҳорда кузатув амалиётини ўтказаётган 8 нафар афғон полициячиси ва бир хорижий аскар ўлдирилган.