Миср: Бош қонун тақдири исломчилар қўлига ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳусни Муборак даврида таъқиб қилинган исломчилар тузум қулаши ортидан Миср сиёсатидаги энг катта кучга айланишди

Мисрдаги Исломий партия вакиллари янги бош қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчи ҳайъатда энг кўп ўринни эгаллашди.

Шанба кунги парламент сайлови натижасига кўра, конститутцияга ўзгартиришлар киритувчи ҳайъатдаги 100 кишининг етмиш нафари - Исломий партия аъзолари.

Ҳусни Муборак ағдарилганидан кейинги асосий сиёсий ўзгаришлардан бири ҳам Миср парламенти таркиби бўлди. Собиқ тузум даврида сиёсий исломий гуруҳлар ва партиялар таъқиб остига олинган ва кўплаб аъзолари қамоққа ташланганди.

Аммо тузум қулаганидан кейин исломий партияларнинг жамият ва сиёсатда ўрни кучайди. Ҳозир Миср парламентининг тўртдан уч қисми исломий партия лар вакилларидир.

Мамлакат янги конституцияси лойиҳаси устида ишловчилар аксар исломчилар бўлишини эшитган либераллар ва дунёвийпараст депутатлар норозилик билдириб, парламент биносидан чиқиб кетишган.

Конституциядаги асосий ўзгариш - Миср қонунларида Шариатга қанчалик катта ўрин ажратиш масаласи.