'Ал-Жазира' Тулуздаги қотилликлар туширилган видеони намойиш этмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Етти кишини отиб ўлдирганлиги айтилган Муҳаммад Мераҳнинг уйини полиция 32 соат қамалга олганди.

Франса жануби-ғарбида етти кишини отиб ўлдирган Муҳаммад Мераҳ томонидан олинган видеотасма "Ал-Жазира" телеканалига юборилган.

Айтилишича, унда қотилликлар мобайнида олинган тасвирлар Қуроъони Каримдаy тиловатлар билан биргаликда монтаж қилинган.

"Ал-Жазира" нинг Париждаги оффисига келиб тушган видеотасма 21 март куни жўнатилган. Ҳудди шу куни полиция Муҳаммад Мераҳнинг уйини ўраб олганди.

Ўлимдан аввал Муҳаммад Мераҳ бу видеотасманинг Интернетда пайдо бўлиши ҳақида огоҳлантирганди ва мана бир неча кундирки полиция синчиковлик билан Интернет саҳифаларини кузатиб келмоқда эди.

Видео келиб тушган "Ал-Жазира"нинг Париждаги оффиси раҳбарининг билдиришича, унда қотилликлар хронологик равишда кўрсатилган.

Дастлаб бир аскарнинг ўлдирилиши, кейин уч аскарга қарши ҳужум ва ниҳоят яҳудий мактабига қилинган ҳужум.

Видеотасмада Муҳаммад Мераҳнинг овози ва қурбонларнинг дод-фарёдлари яққол эшитилади.

Мераҳ томонидан отиб ўлдирилган биринчи аскарнинг онаси видеони намойиш этмасликни сўради.

Франса президенти Николя Саркози ҳам қурбонлар ва уларнинг яқинлари ҳаққи тасвирни намойиш этмасликка даъват қилди.

"Ал-жазира" томонидан чиқарилган баёнотда видеотасма телеканланинг аҳлоқий нормаларига мос келмаганлиги учун намойиш этилмаслиги билдирилган.

Телеканал, шунингдек, тасвирнинг ҳеч қандай нусхасини ҳам тақдим этмаслигини маълум қилди.

Текширувчилар ҳозирда ушбу видеотасма сешанба кун тунда Мераҳнинг ўзи томониданми ёда чоршанба куни унинг шериги томонидан юборилганлигини аниқлаш ҳаракатидалар.

Келиб чиқиши Жазоирдан бўлган 23 ёшли Муҳаммад Мераҳнинг ўзи ҳам бир неча кун уйидаги қамалда ўтирганидан сўнг отишма мобайнида ўлдирилган.

Қамал мобайнида полиция билан музокаралар вақтида у Тулуз шаҳрида уч аскар, уч ёш бола ва бир ўқитувчини отиб ўлдирганлиги ва бу ҳодисаларни филмга туширгналигини айтганди.

Мераҳнинг отаси ўғлини Жазоирда дафн қилиш тадоригида эканлигини билдирган.

У шунингдек, Франса расмийларини маҳкамага тортмоқчи эканлиги, чунки ўғлини тириклайин қўлга олишлари мумкин бўлганлигини айтган.

Муҳаммад Мераҳнинг 29 ёшли акаси Абдулқодир қотиллик ва ўғриликка шериклик, шунингдек терроризмга алоқадорлик айблари билан ҳибсга олинган.

Абдулқодир бу айбловларни рад этган, лекин укаси мтоциклни ўғирлаётган вақти ўша ерда бўлганлигини тан олган.

Муҳаммад Мераҳ ўлимидан аввал полицияга "Ал-Қоида" аъзоси эканлигини даъво қилган ва 20 минг еврога қурол сотиб олганлигини ҳам айтган.