Афғонистон шимоли-ғарбида ЎИҲнинг нуфузли аъзоси ўлдирилгани аниқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption ISAF кучлари Фарёб вилоятида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг нуфузли аъзоси ўлдирилганлигини маълум қилдилар.

Афғонистондаги халқаро кучлар томонидан шу йил 26 мартга ўтар кечаси Фарёб вилоятида уюштирилган ҳужумда Толибон ҳаракати аъзоларидан 4 киши ўлдирилганлиги хабар берилганди.

Маҳаллий расмийларнинг айтишларича, ҳалок этилганлар орасидан бир кишининг ёнидан чиққан ҳужжатга кўра, у Маҳдум Нурат исмли Ўзбекистон фуқароси бўлгани ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг нуфузли аъзоларидан бири эканлиги аниқланган.

Ҳужжат ким томонидан берилгани айтилмаган.

Би-би-сининг минтақада бўлган мухбирининг айтишича, Ҳужум Паштункот тумани Ғортепа қишлоғида амалга оширилгандир.

Ушбу қишлоқ Туркманистон чегарасига яқин минтақада жойлашган.

Яқин-яқинларгача нисбатан тинч ҳисобланган Фарёб вилоятида охирги вақтларда исёнчилар фаолияти кучайиб, уларга қарши амалиётлар ҳам анчайин тез-тез рўй бера бошлади.

Маҳаллий расмийлар бундан икки йилча аввал исёнчилар сафларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари ҳам борлиги, улар бошқа исёнчиларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказишлари ҳақида айтган эдилар.

Охирги ойларда эса уларнинг фаолияти анчайин фаоллашгани билдирилмоқда.

Афғонистондаги Халқаро Кучлар- ISAF вебсаҳифасида эълон қилинган баёнотда ҳам Фарёб вилоятида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг юқори мансабли аъзосини қўлга олиш мақсадида амалиёт йўлга қўйилгани маълум қилиниб, исёнчиларнинг ўқ очиши натижасида рўй берган отишмада Маҳдум Нусрат ва яна қатор Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолари ҳалок этилганлиги маълум қилинган.

Баёнотда шунингдек, яна икки нафар исёнчи қўлга олинганлиги билдирилган.

ISAFга кўра, Маҳдум Нусрат Афғонистон шимолдига вилоятларда иттифоқчи кучларга қарши охирги 8 ой мобайнида уюштирилган қатор ҳужумларга масуъл, шунингдек, Кобулда мамлакат парламенти аъзосига қарши суиқасд ҳужумини режалаштираётган бўлган.