Араб Лигаси БМТнинг Сурия тинчлик режасини муҳокама қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Кўпчилик араб раҳбарлари саммитда иштирок этишмаяпти

Бағдодда бошланаётган саммитда Араб раҳбарлари БМТ томонидан дастакланган Сурия тинчлик режасини муҳокама қилишади.

Режа жангларга барҳам бериш, мухолифат назоратидаги минтақалардан ҳукумат кучларини олиб чиқиб кетиш ва инсонпарварлик амалиётларига йўл очиб беришни назарда тутади.

Сурия сешанба куни режани қабул қилишини айтган, аммо жанглар ҳануз давом этмоқда.

АҚШ араб давлатларини Президент Башар Асад ҳукуматига босимни кучайтиришга чақирган.

Саммит муносабати билан Ироқ пойтахтида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Бу Бағдодда охирги бир неча ўн йил ичида ўтаётган биринчи йирик халқаро анжуман.

Саммитга 22 нафар араб раҳбарларидан фақат 7 нафари етиб келган, холос.

Би-би-сининг Бағдоддаги мухбирига кўра, олиймақом учрашувдан умидлар унча катта бўлмаса-да, унинг Бағдодда бўлиб ўтаётгани Ироқ учун олдинга силжиш сифатида кўрилмоқда.

Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Бош Котиби Пан Ги Мун Сурияни "мажбуриятларни зудлик билан бажариш"га чақирган.

Жаноб Пан саммит чоғида Кофи Аннан воситачилик қилган БМТ режасини амалга тадбиқ этиш учун Араб Лигаси билан ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилади.

АҚШ Давлат Департаменти "Асад берган ваъдаларининг устидан чиқмагани"ни айтган.

Ўтган йили Араб Лигасидан чиқариб юборилган Сурия ташкилотнинг биронта ҳам ташаббусини қабул қилмаслигини билдирган.

'Сиёсий ўйин'

Сурия мухолифати эса жаноб Аннан режасининг амалга ошишига ишонмайди.

Мухолифат фаоллари Асад репрессияларни давом эттириш учун вақтдан ютишга ҳаракат қилаяпти холос, деган фикрдалар.

"Биз бунинг самимий қадамми ёки сиёсий ўйин эканига ишончимиз комил эмас", - дейди Сурия Миллий Кенгаши аъзоси Ловай Софи.

"Биз бу режимга ишонмаймиз... аввал улар бегуноҳ одамларни ўлдиришни тўхтатсин".

Сурияда бир йилдан буён давом этаётган исёнда, БМТга кўра, 9000 киши ўлдирилган.

Мухолифатнинг айтишича, ҳукумат кучлари ўтган дам олиш кунлари мухолифат назоратидаги Сарақеб шаҳрини қўлга киритганидан буён 40 киши ҳалок бўлган.

Уларга кўра, уйларга ўт қўйилган ва дўконлар таланган, кўчаларда жасадларни кўриш мумкин.

Бу хабарларни мустақил манбаълардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ