Россия: Ўзбекистон фуқароси қамоқхона ходимини ўлдирганликда гумон қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Россия ҳукумати мамлакатда миллионлаб ноқонуний муҳожирлар борлигини тан олган

Калининградда бир ўзбекистонлик қамоқхона маъмурини ўлдирганликда гумон қилиб, ҳибсга олинган.

Россия хабар агентликларининг Тергов Қўмитасига иқтибосан билдиришича, 22 ёшли ўзбек фуқароси Федерал Жазони Ижро Этиш Хизмати минтақавий бошқармаси ходими Павел Романенконинг ўлимида гумон қилинмоқда.

Тергов Қўмитасига кўра, Калининграддаги 8-сонли жазони ижро этиш муассасаси ходими бўлган Романенко 27 март куни ўзининг Некрасов кўчасидаги уйида ўлик ҳолда топилган.

Дастлабки экспертиза хулосасига кўра, марҳум бош суяк-мия қисмидаги очиқ жароҳатдан ўлган.

Калининград шаҳар прокуратураси Жиноят Кодексининг 105 - "қотиллик" банди бўйича жиноят иши очгани хабар қилинади.

Тергов мулозимлари гумондорнинг исми-шарифини ошкор этишмаган.

Хабарларда унинг Калининград шаҳрида вақтинча яшаб келгани айтилади.

Терговчилар қотиллик ғаразли мақсадда содир этилганини айтишмоқда.

Уларга кўра, қотил ҳодиса жойидан ўқотар қурол ҳамда 7000 АҚШ долларини ўғирлаб кетган.

'Муҳожирлар мамлакати'

Россия ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатга муҳожирлар оқимининг кучайгани айрим минтақаларда жиноятчилик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашишига олиб келганини айтади.

Федерал Муҳожирлик Хизматига ўкра, ўзбекистонликлар жиноят содир этаётганларнинг олдинги рўйхатларида.

Расмийлар жиноятларнинг кўпинча ноқонуний муҳожирлар томонидан содир этилишини айтишган.

ФМХ раҳбари Константин Ромодановский сешанба куни Россия парламентидаги чиқишида мамлакатда миллионлаб ноқонуний муҳожирлар яшаётганини тан олган.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Россияда 1.3 миллион қонуний ва 3.5 миллион ноқонуний меҳнат муҳожирлари бор.

Жаноб Ромодановскийнинг айтишича, расмий маълумотлар бўйича Россияда содир этилаётган ҳар 100та жиноятнинг 3 таси муҳожирларга тўғри келади.

ФМХ га кўра, 2025 йилга келиб, Россия аҳолиси 10 миллиондан кўпга қисқаради.

"Муҳожирлар оқими бўлмаса, Россиянинг меҳнатга яроқли аҳолиси 2025 йилга келиб, 10 миллионга қисқаради", - деб айтган Федерал Муҳожирлик Хизмати раҳбари.

Бу мавзуда батафсилроқ