BBC navigation

Афғон аскари 9 хизматдошини отиб ўлдирган

Сўнгги янгиланиш 30 март 2012 - 14:02 GMT

Афғон кучлари ва хорижий қўшинлар орасидаги алоқа совуган

Афғонистоннинг Пактико вилоятида полиция зобити тўққиз хизматдошини отиб ўлдирган. Бу ҳақида Афғонистон полицияси хабар қилди.

Мамлакат шарқидаги маҳаллий полиция раҳбари Давлат Хон ҳодиса жума куни тонгда юз берганини билдирди. Унга кўра, зобит ҳамкасблари ухлаб ётганда уларни ўлдирган.

Ўлганлар орасида унинг бошлиғи ва бошлиғининг икки ўғли ҳам бўлган.

Зобит сўнгра қурбонларнинг қуролларини ўғирлаб, полиция машинасида қочган.

Полиция қотилнинг нима мақсадда бу жиноятни амалга оширгани борасида маълумотга эга эмаслигини айтмоқда, бироқ афғон расмийлари ҳодиса ортида Толибон турганига ишонадилар.

"Толиблар фитнаси"

"У - қўрқоқ. У қилган иш Толибон ҳаракати фитнасининг бир қисмидир", - деди маҳаллий полиция раҳбари.

Ҳодиса рўй берган ҳудуд Толибон ва Ал-Қоидага алоқаси бор асли покистонлик Ҳаққоний гуруҳининг фаоллиги билан ном чиқарган.

Ўтмишда мазкур гуруҳ асосан халқаро коалицион кучларни нишонга олган. Лекин, бир неча марта афғон армияси ва полицияга ҳам ҳужумлар уюштирилган.

Толибон вакили Забиҳулло Мужоҳид тўққиз полициячининг ўлдирилиши ортидан ўз ҳаракати турганини айтди.

"Кеча тунда мужоҳидлар аскари полиция нуқтасига ҳужум қилиб, тўққиз қўғирчоқ полициячини ўлдирди", - деди у Франс Пресс агентлигига юборган мурожаатида.

Франс Пресс хабар қилишича, қотилликлар билан боғлиқликда икки полиция зобити ҳибсга олинган.

Оҳирги вақтларда афғон хавфсизлик кучлари ўз хизматдошлари ёки хорижий қўшинларга ўқ отиши ҳоллари кўпайган.

26 март куни афғон ҳарбий устбошини кийган киши икки британ аскарини отиб ўлдирди.

Январ ойида афғон армияси аскари мамлакат шимолида француз аскарларини ўққа тутиб, тўрт нафарини ўлдирганди.

Минтақадаги вазият феврал ойида АҚШ ҳарбий базасида Қуръон нусхаларининг билмасдан ёқиб юборилиши ортидан таранглашган.

Афғон кучлари ва халқаро қўшинлар орасидаги танглик 11 март куни Қандаҳорда Америка аскари Роберт Бейлс 17 оддий фуқарони қириб ташлаши ортидан чуқурлашган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.