Қўшма Штатларда 640 миллион долларга тенг лотерея ғолиби аниқланди

Mega Millions Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Mega Millions лотереяси ғолиби Мэриланд штатидан экани айтилмоқда

Mega Millions лотереясининг 640 миллион долларлик ютуқ билети Мэриленд штатида сотиб олинган, дейишади лотерея ташкилотчилари.

Бироқ Қўшма Штатлардаги энг машҳур лотерея ғолиби бир кишидан кўпроқ бўлиши мумкин.

Жэкпот жума куни ўйналган эди.

Ташкилотчиларга кўра, бу инсоният тарихидаги энг катта ютуқдир.

Рекорд миқдордаги маблағ январь ойи охиридан буён тўпланаётган эди.

АҚШ оммавий ахборот воситаларига кўра, лотерея билан савдо қилувчи дўконлар ва киоскаларда ушбу улкан ютуқни қўлга киритиш умидида бўлганларнинг узун навбатлари пайдо бўлган.

Нархи бир долларга тенг лотерея билетлари ҚЎшма Штатлардаги 50 штатдан 42 тасида сотилади.

Агар жэкпот бир шахсга насиб қилган бўлса, унга солиқлардан кейин 462 млн доллар тўланади.

Агар ғолиб жэкпотнинг ҳаммасини олмоқчи бўлса, унда у ютуқни босқичма-босқич олишга рози бўлиши керак.

Ҳозирга қадар Mega Millions лотереясида энг катта жекпот 2007 йилда 390 млн долларга тенг бўлган.

Ютуқни икки ғолиб ўртада бўлиб олишганди.

Қўшма Штатларда лотерея васвасаси давомли ортиб бораётган эса-да, 56 рақамдан беш рақамни ва мега-шар рақамини аниқлаш имкони ўта паст.

Ташкилотчиларга кўра, бу имконият тахминан 176 миллионга бирдир.

Оврўпо давлатларида эса лотерея васвасаси Euromillions лотереясига қуръа ташланган пайтда кузатилади.

38 миллион фунт стерлингга тенг охирги ютуқ англиялик бир гуруҳ автобус ҳайдовчиларига насиб қилганди.

Ғолиблардан бири Жон Ноукс ютуқнинг бир қисмини хотини билан Лас-Вегасга бориб, сарфлашини айтган.