Мусулмон Биродарлар президентлик сайловига номзод кўрсатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Миср президентлигига номзод -Хайрат Ал Шатер

Бир йил ичида Хайрат Ал Шатернинг тақдирида катта ўзгаришлар бўлди.

Сиёсий маҳбусликдан Миср президентлик сайловида Мусулмон Биродарлари партиясидан номзодга айланди.

Ўн икки йил давомида муқаддам манъ этилган Исломий гуруҳга алоқадорлиги учун қамоқда қолса ҳам, жаноб Шатер катта таъсирга эга шахс эди.

Президент Муборак “тахтдан ағдарилиши” билан озод этилар экан унинг аҳамияти ва мавқеиси яна ҳам мустаҳкамланди.

Мусулмон Биродарлари раҳбарларидан бири ўлароқ, Шатер жаноблари ҳарбий кенгаш билан музокараларда муҳим рол ўйнамоқда.

Ўтган ойлар давомида бу миллионер иш одами Биродарларнинг иқтисодий сиёсатини ишлаб чиқди, Халқаро Валюта Жамғармаси гуруҳи билан учрашиб ҳукумат учун 3.2 миллиард долларга тенг қарз масаласини муҳокама қилди.

Шунингдек, жаноб Шатер Мусулмон Биродарларининг вакили ўлароқ элчилар, хорижий меҳмонлар ва ҳалқаро сармоядорлар билан учрашмоқда.

У ўзининг мўътадил Ислом ҳақидаги қарашларини донолик билан сўзга солади, демократия ва диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳурматлаши ва эркин бозор қадриятларига ишонишини айтади.

Шунга қарамай, у Исломчиларни кўпчиликда қудратга келтирган сўнгги сайловларга ишора қилар экан, Миср халқи Исломий давлат қурилишига тайёр деган қарашни ҳам олға сурди.

"Мусулмон Биродарлари орасида анъанадор Салафийларга яқин бир қатлаб бор”, дейди Исломий сиёсий ҳаракатлар бўйича мутахассис Мустафа Ал Заҳран.

“Хайрат Ал Шатар уларнинг раҳбаридир”, дейди у.

Жаноб Заҳран унинг номзодини Мусулмон Биродарлари қўллаб қувватлашлари тайин деб ҳисоблайди.

"Хайрат Ал Шатернинг номзоди кўрсатилиши Биродарлар томонидан қўйилган ақлли қадамдир. Чунки унинг Биродарлар орасида обрўси баланд, бунинг устига у узоқ “ кураш тарихига” эга”, дейди Мустафа ал Заҳран.

Кескин бурилиш

Шанба куни чиқарилган баёнотда Мусулмон Биродарлар аввал номзод кўрсатмаслик ҳақидаги қарорини бекор қилишгани, бунга турфа муқобил йўлларни кўриб чиқишгани сабаб бўлганини айтишган.

Нозик, аммо аниқ ишора билан Биродарлар қудратдаги ҳарбийлар билан муҳорабасини тилга олади ва ҳарбийларнинг Озодлик ва Адолат партияси “инқилобнинг талабларини” бажармади дейди.

Шунда ҳам Шатер жанобларининг номзоди осонлик билан кўрсатилмагани аниқ бўлмоқда.

Мусулмон Биродарларининг собиқ раҳбар ўринбосари Муҳаммад Ҳабиб овоз бериш натижасини “ ҳалокатли хато” деб таърифлаган.

Унинг назарида бу Биродарлар ва омма ўртасида бўшлиқни кенгайтиради, холос.

Ёш ислоҳотчилар ҳам айни қарордан мамнун эмаслар.

Улар Шатер жаноблари ўтган йилги исёндан бери иерархия, яъни “тепадан пастга” сиёсатини давом эттирмоқда деб ҳисоблашади.

У Биродарлар аъзоларининг қудратдаги Озодлик ва Адолат партиясига қаршилик кўрсатишларига қўймади ва либерал Исломий қарашдаги сиёсатчилар, жумладан Абдул Муним Абу ал Футуҳни четлатишга муваффақ бўлди.

"У яхши инсон, яхши мусулмон ва яхши тадбиркор бўлиши мумкин, аммо мен Шатер жанобларини танлашганидан хурсанд эмасман”, дейди Биродарлар сафидан қувилган Ислом Лутфий.

"У ҳамма нарсани чеккадан туриб бажаради. Бу Президентликка лойиқ амал эмас”, дейди Лутфий жаноблари.

Таржимаи ҳолга чизгилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Миср инқилобисиз Мусулмон Биродарларининг муваффақиятини тасаввур қилиш мумкин эмас

Шатер жаноблари 62 ёшда ва авваллари мен шахсий қудрат учун курашмайман деб айтарди.

Шанба куни кечган матбуот анжуманига Шатер жаноблари келмади.

Аммо Биродарлар мулозимларидан бири Муҳаммад Бади Шатер жанобларининг ўз вазифасидан президентлик сайловида қатнашиш учун истеъфо бергани ҳақида хатини ўқиб берди.

"Мен ҳеч қачон раҳбарлик лавозими ва ё бу лавозим учун номзодимни қўйишни истамаганман. Аммо Биродарлар қарорини қабул қилишдан бошқа имконим йўқ”, деб ёзади Шатер жаноблари.

Аксарият мисрликлар уни муваффақиятли тадбиркор, бир неча йирик дўконлар соҳиби сифатида яхши билишади.

Хайрат ал Шатер шунингдек, ўзининг қанчалар оилапарвар шахс эканини ҳам намоён этиши мумкин.

Шатер жанобларининг ўн нафар фарзанди бор.

Ўтмишда у сиёсий фаоллиги учун жабр кўрган минглаб мисрликларнинг биридир.

Аслида сўлчи қарашлари билан танилган ва ҳали Искандария университетида таҳсил олаётган вақти аксилҳукумат намойишларда иштирок этиб қамоққа ташланган Хайрат ал Шатер 1980 йилларга келиб Мусулмон Биродарларнинг етакчиларидан бирига айланди.

2006 йилда у бошқа бир неча сафдошлари билан ҳибсга олинади.

2007 йилда ҳарбий маҳкама Шатер жанобларини талабаларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ва уларга қурол бериш айблари билан қамоққа ташлайди.