Покистон Бин Лодиннинг беваларини қамоқ жазосига ҳукм этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бин Лодин оиласи яшаган уй ҳозир текислаб ташланган

Усама Бин Лодин оиласининг адвокатига кўра, Покистондаги маҳкама унинг уч нафар беваси ва икки қизини мамлакатда ноқонуний яшашда айблаб, қирқ беш кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Муҳаммад Амир Халилга кўра, улар ҳибсхонада яна икки ҳафта қолишади ва кейин фарзандлари билан мамлакатдан чиқариб юборилади.

Адвокат ўз мижозлари қайси мамлакатга чиқарилиши ҳақида ҳеч нарса демаган.

Усама Бин Лодиннинг бевалари ўтган йил Америка махсус кучларининг рейдидан кейин ҳибсга олингандилар.

Қувғинда туғилган фарзандлар

Усама Бин Лодин қувғиндаги йилларида тўрт нафар фарзанд кўрган, бу ҳақда унинг хотини – тўрт фарзанднинг онаси гапириб берган.

Покистон мулозимларига кўра, Амал Абдулфаттаҳ асли яманлик бўлиб, Усаманинг кенжа рафиқаси бўлган.

Амал Абдуфаттаҳ ўтган йил АҚШнинг Исломобод яқинидаги Усама яшаган уйга уюштирган махсус рейдидан кейин ҳибсга олинганди.

Унинг айтишича, икки нафар фарзанди давлат туғруқхоналарида дунёга келган.

Аммо улар туғруқхонада “икки-уч соат “ қолишган, холос.

Бин Лоден Ню Йорк ва Вашинтонга 2001 йил ҳужумларини ташкиллаштирганликда айбланади.

Америка унинг боши учун 25 миллион доллар тикканига қарамай, Усама қарийб ўн йил давомида дунёнинг энг қудратли армияси соҳибининг қўлига тушмай яшади.

Муҳожидга ёр бўлиш орзуси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Амал "мужоҳидга ёр бўлишни" орзу қилган

Покистонлик терговчилар Абдулфаттаҳ хонимни сўроққа тутишган.

Ана шу сўроқлар натижасида тайёрланган ҳисоботда, Амал ўз оиласида ўн етти нафар фарзанд бўлгани ва у Усама Бин Лодинга турмушга чиқишининг сабабини “ доим мужоҳидга ёр бўлишни орзу қилгани” билан изоҳлаган.

Амал Абдулфаттаҳ билан бирга Усаманинг яна уч нафар хотини қўлга тушган эди.

Амалнинг айтишича, у 2000 йилда Покистонга қочиб келади ва у ердан Афғонистонга сафар қилади.

2001 йил 11 сентябр ҳужумларидан аввалроқ Усамага турмушга чиқади.

У ўтган ўн йил давомида кўп марта кўчишга тўғри келгани ва Усаманинг оиласи турфа минтақаларга “тарқалиб” кетган вақтлар бўлганини айтган.

Америка ва Покистон мулозимлари анча йиллар Усама Афғонистон билан Покистон чегараларида, эҳтимолки бир ғорда яшаётганига ишониб келишарди.

2011 йилда эса Усамани Покистон пойтахтидан узоқ бўлмаган каттагина уйдан топишганди.