АҚШ Лашкари Тоиба асосчиси учун 10млн доллар мукофот эълон қилди

Ҳофиз Муҳаммад Сайид Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳофиз Муҳаммад Сайид Ҳиндистон ва Америкага қарши маърузалари билан танилган

Қўшма Штатлар Покистонда жойлашган Лашкари Тоиба қуролли гуруҳининг асосчиси Ҳофиз Муҳаммад Сайид учун 10млн доллар таклиф қилди.

Жаноб Сайид ҳозирда Жамоати Даъвога раҳбарлик қилмоқда.

Ушбу жамоат 2008-йилда Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрига ҳужумлардан кейин фаолияти тақиқланган Лашкари Тоиба ўрнини эгаллаган.

Жаноб Сайиднинг куёви Абдул Раҳмон Маккий учун Қўшма Штатлар 2млн доллар ваъда қилган.

Абдул Раҳмон Маккий Ҳофиз Муҳаммад Сайидга Лашкари Тоиба гуруҳини барпо этишга ёрдам берган шахслардан биридир.

Қўшма Штатлар Жамоати Даъвони ҳам, Лашкари Тоибани ҳам ўзининг террорчилар рўйхатига киритган.

Расмийларга кўра, Қўшма Штатлар уларни тутган ёда уларни тутишга ёрдам берганларга мукофот пули эълон қилган.

2008-йил ноябрида 10 қуролли шахснинг Мумбай шаҳрига ҳужум қилиши оқибатида 165 одам ҳалок этилганди.

Ҳужумчилардан 9 нафари ҳам отиб ўлдирилган эди.

Ҳиндистон ҳужумлар учун Лашкари Тоиба гуруҳини айблади.

Покистон ва Ҳиндистон муносабатлари ўта совуқлашди.

Тирик қолган ягона ҳужумчи, покистонлик Муҳаммад Ажмал Амир Қассоб қўлга олинди ва маҳкама томонидан ўлим жазосига ҳукм этилди.

Жаноб Сайид Ҳиндистон томонидан Покистонга берилган қидирувдаги шахслар рўйхатининг биринчи қаторида қайд этилган.

Жамоати Даъво қуроллилар учун жабҳа бўлиб хизмат қилиши ҳақидаги даъволарни рад этади.

Ҳофиз Муҳаммад Сайид Мумбай ҳужумларидан кейин ҳибсга олинган, аммо кейинчалик озод этилган.

Қўшма Штатлар Давлат Департаменти веб саҳифасида жаноб Сайид “қизил сочли ва мовий кўзли Покистон фуқароси” сифатида таърифланган.

"Араб тили ва муҳандислик бўйича собиқ профессор бўлган Ҳофиз Муҳаммад Сайид Покистон ва Ҳиндистонда исломий давлатни барпо этишни мақсад қилган радикал исломий Жамоати Даъво ва унинг ҳарбий қаноти Лашкари Тоибага асос солган", - дея қайд этилади веб саҳифада.

Ҳиндистон Ҳофиз Муҳаммад Сайид учун мукофоти эълон қилинганини олқишлаб чиққан.

Мухбирларга кўра, жаноб Сайид ҳозирда Покистонда фаолият юритмоқда.

У Ҳиндистон ва Америкага қарши маърузалари билан танилган.

Бу мавзуда батафсилроқ