Америка коллежида отишма: 7 инсон ҳалок этилди

Оакланд Фото муаллифлик ҳуқуқи Other
Image caption Оакланд насроний коллежига ҳужум қилган шахснинг собиқ талаба бўлгани ишонилади

Америка полициясининг хабар беришича, Калифорния Штати Окленд шаҳридаги насроний коллежи ҳудудида юз берган отишмани 43 ёшли Ко Вон Ил исмли шахс бошлаган.

Коллеждаги отишмада 7 одам ҳалок бўлган ва яна уч киши жароҳат олган.

Насроний коллежининг собиқ талабаси бўлган ҳужумчи қўшни Аламеда шаҳридаги савдо марказида полицияга таслим бўлган.

Америка телеканаллари Ойкос насроний коллежи биноларидан ярадор одамларнинг қочиб чиқаётганликларини намойиш этганлар.

Кейинчалик коллеж ҳудуди полиция ва махсус кучлар томонидан ўраб олинган.

Хабарларга кўра, беш киши ҳодиса жойида, яна икки одам шифохонада етказилган жароҳатлардан ҳалок бўлган.

Ойкос насроний коллежи хусусий диний таълим муассасаси бўлиб, у ерда диншунослик, мусиқа ва шарқ табобати каби фанлар ўргатилади.

Коллежга Америкадаги корейс насроний жамоаси асос солган.

"Бу корейс коллежи эканини биз биламиз, - деди Окленд полициясидан Жонна Уотсон. – Коллежга қуролли шахс кириб, одамларни ота бошлади. Мен одамларни нишонга олгани ишонилаётган шахс ҳибсга олинганини тасдиқлайман".

"Қандайдир телба"

Насроний коллежига ўн йилча муқаддам асос солган пастор Чен Ким бино ичкарисида 30 га яқин ўқ узилганини айтган.

"Мен ўз хонамда қолдим", - деб айтган у Oakland Tribune газетасига.

Гувоҳлардан бирининг Америка телевидениесига маълум қилишича, бир аёл унга бино ичкарисига "қандайдир телба" кирганини айтган.

Аёлга кўра, мазкур шахсни кўкрагига отишган ва тез ёрдам машинасида олиб кетишган.

Ҳодиса пайти коллеж яқинида бўлган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Энжи Жонсон қўлидан жароҳат олганлардан бирига ёрдам берганини айтган.

Жонсон хонимнинг яраланган мазкур шахсга иқтибосан айтишича, санитарлар дарси пайтида ҳужумчи ўрнидан турган ва талабалардан бирини яқин масофадан отиб ташлаган, ундан кейин аудиторияда ким бўлса нишонга ола бошлаган.

Окленд ўт ўчириш хизмати департаментининг маълум қилишича, илк отишма ҳақида хабар уларга маҳаллий вақт билан 10:50 да етказилган.

Окленд полициясининг бошлиғи Ҳовард Жордан Ко Вон Илнинг дарс пайтида ўқ уза бошлаганини тасдиқлаган.

Унинг айтишича, бу одам Оклендда яшайди ва ҳозирча уни жиноятга ундаган омиллар маълум эмас.

"Полиция ходимлари баъзи жабрланганларни дарсхона ичида ва баъзиларини бинонинг бошқа бўлинмалида топишди, - деб айтган жаноб Жордан. – Бир неча одам турли бинолар ичига яширинганлар. Улардан баъзилари эшикларни беркитиб олганлар, баъзилари столлар орқасига яширинганлар. Уларнинг жуда қўрққанликларини тасаввур қилиш мумкин".

"Улардан баъзилари жароҳат олгани учун уларни қутқаришимизга тўғри келди. Бир неча хонага кириш учун биз эшикларни бузишга мажбур бўлдик", - дея илова қилди полиция бошлиғи.

Сешанба куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 да Оклендда фожиа қурбонларини хотирлаш маросими бўлиб ўтади.