Россия АҚШда Виктор Бутга чиқарилган ҳукмни кескин қоралади

Виктор Бут Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Виктор Бут ғарбда "ўлим савдогари" номини олган

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Виктор Бут иши бўйича чиқарилган ҳукмни "асоссиз" дея баҳолаган.

Пайшанба куни Нью-Йоркдаги Федерал маҳкама россияликни 25 йилга озодликдан маҳрум этганди.

Ҳакамлар ҳайъати асли тожикистонлик Виктор Бутни қурол-яроқни контрабанда қилиш мақсадида тил бириктиришда айбдор деб топган.

"Унга қўйилган айбловлар тўла исботланмаган, унинг Таиландда АҚШ махсус хизматлари жосуслари томонидан ҳибсга олиниши ва экстрадицияси ноқонуний хусусиятга эга эса-да, Америка маҳкамаси, яққол сиёсий топшириқни бажарган ҳолда, Россия фуқароси ҳимоясига адвокатлар келтирган далиллар ва турли даражадаги кўплаб мурожаатларини инобатга олмади", - дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги веб саҳифасида.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги фикрича, унга қўйилган айбловлар "жиноий уйдирмалар"га асосланган бўлган, зеро ҳукм чиқарилишидан анча аввал Бут АҚШ ҳукумати томонидан "ўлим савдогари" ва салкам халқаро террорчи, дея эълон қилинган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги шунингдек Бутни ватанига қайтариш учун, халқаро-ҳуқуқий механизмлардан фойдаланган ҳолда, барча сай-ҳаракатларни сарфлашга ваъда берган. Бироқ, вазирлик айнан қандай аниқ чоралар олиниши ҳақида қўшимча маълумот бермаган.

25 йил етарли

Пайшанба куни Нью-Йоркдаги маҳкама Виктор Бутни зенит-ракета комплексларини террорчи ташкилочиларга етказиб беришда айбдор деб топиб 25 йилга озодликдан маҳрум этган. Россиялик ҳибсда тўрт йилдан буён сақланаётгани ҳисобга олиниб, унга чиқарилган ҳукм 15% қисқартирилган.

Ҳакам Шира Шейндлин 45 яшар Виктор Бутга ҳарбий қурол-яқроқларни террорчи ташкилотларга етказиб бергани учун Америка федерал қонунчилигида назарда тутилган минимал жазони тайинлаган.

Прокурорлар собиқ Совет зобити учун ўлим жазосини сўраганлар.

Бироқ ҳакам: "25 йил етарли", - деб айтган.

Ўз навбатида Виктор Бут ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини яна бир бор маълум қилган.

Ўтган йил ноябрида Нью-Йорк федерал маҳкамаси ҳакамлар ҳайъати Виктор Бутни ФАРК гуруҳидан бўлган колумбиялик жангариларга қурол-яроқ сотишга рози бўлишда айбдор, деб топганди.

"Ўлим савдогари"

Виктор Бут 2008 йил Банкокда Колумбия исёнкорлари қиёфасида келган жосусларга қурол сотишга уринганликда айбланиб, қўлга олинганди.

Аммо, Россия унинг АҚШга топширилиши қонуний исбот асосида амалга оширилмаганини айтади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги чиқарган баёнотга кўра, бу Қўшма Штатларнинг Тайланд ҳукуматига мисли кўрилмаган даражали сиёсий босими натижасидир.

Асли тожикистонлик Виктор Бут Африкадаги жангари гуруҳлар қўмондонлари ва исломий жангариларга 15 йил давомида қурол етказиб турганликда айбланади.

Британия сиёсатчилари уни "ўлим савдогари" дея номлашган.

Бу мавзуда батафсилроқ