Сурия инқирози: ҳужумларда ўнлаб қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Гувоҳларнинг айтишича, зўравонликларда ҳар куни ўнлаб одамлар ҳалок бўлмоқда

Мухолиф фаолларининг охирги хабарларига қараганда, Сурияда давом этаётган қақшатқич ҳужумларда камида 130 киши ўлдирилган.

Сурия Инсон ҳуқуқларини кузатиш гуруҳи хабар беришича, Ҳама вилоятидаги Латамна шаҳрини Сурия ҳукумат кучлари қўлга киритиш мақсадида ҳужум қилмоқдалар, шаҳар назорати армияни тарк этганлар ҳарбийларнинг қўлида.

Интернетга жойлаштирилган видеолавҳаларда қурбон бўлганларнинг жасадлари юк машиналарига ортилаётганлиги кўрсатилган.

Уларнинг орасида ёш боланинг ҳам ўлиги кўринади. Хомсда олинган яна бир видеолавҳада 13 та жасаднинг оммавий отилгани акс этган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун зўравонликларни тўхтатишга келишувларга қарамасдан, Сурия ҳукуматини янги ҳарбий ҳужумларни амалга ошираётганлигини қаттиқ қоралаган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун аҳоли яшайдиган жойлардан оғир қуролларни олиб чиқиш ваъдасини бажармагани учун Президент Башар ал-Асадни қаттиқ танқид қилган.

Жаноб Пан Ги Мун президент Башар Ассаднинг оғир артиллерия қуролларини аҳоли турар жойларидан 10 апрелда олиб чиқиб кетилиши, ўқ отишни тўхтатилиши ҳақида берган ваъдаси тинч аҳолининг ҳамон қурбон бўлаётганлигини оқлолмайди, деб айтган.

БМТ Бош котиби Хавфсизлик Кенгаши номидан зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга чақирган.

Президент Ассад БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ҳақидаги режасини бажаришга розилик берганидан буён Сурия-Туркия чегарасини кесиб ўтаётган қочқинлар сони янада ошгани айтилган.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Довутўғли Суриядан келаётган хабарлардан ўз хавотирини изҳор этган.

Олдинроқ Туркия Ташқи ишлар вазири қочқинлар масаласи бўйича БМТнинг кўмаги керак бўлиши мумкинлигини айтган.

Хабарларга кўра, кейинги 36 соат давомида 2800 суриялик қочқин чегарани кесиб ўтган.

Умумий ҳисобда қочқинларнинг сони 24 мингга етган.

Мухолифат фаолларига кўра, кейинги икки кун ичида ҳукумат кучларининг фаоллашгани натижасида камида 100 киши ўлдирилган.

Фаолларнинг айтишича, зўравонликлар бутун мамлакат бўйлаб давом этмоқда.

Би-би-си мухбири Жим Мюирнинг Бейрутдан туриб хабар беришича, зўравонликларни тўхтатиш ҳақидаги муддатнинг тугаб бораётганлиги Ҳомс ва бошқа туманларда ҳужумларни янада кучайтирган.

Ҳукумат кучлари юз бераётган ҳужумларда жангариларни айблаган.

БМТ махсус элчиси Кофи Аннан 200-250 кузатувчининг Сурияга юборилиши мумкинлигини билдирган.

БМТ ҳисоботига кўра ўтган йили бошланган аксилҳукумат ҳаракатларидан буён Сурияда 9000дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ