Пайғамбарнинг суратини чиқарган блоггерлар қамалган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Маҳкама қарори мамлакатда турли қарама-қарши фикрларга сабаб бўлган

Тунисда икки блоггер интернетда Муҳаммад пайғамбарнинг яланғоч суратини жойлаштиргани учун етти йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Тунис расмийларига кўра, маҳкумлар мусулмон пайғамбарини кийимсиз тасвирлаган суратни Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаларига жойлаштирганлар.

Ҳуқуқ ҳимоячилари эълон қилинган жазони танқид қилиб чиққанлар. Уларга кўра, бу ҳодиса эркин сўз бўғилишининг бошланиши бўлиши мумкин.

Ўтган йили президент Зин ал-Обидин Бин Алининг қудратдан кетиши орқасидан Тунисда исломий ҳукумат сайланган эди.

Айбланувчилардан бири Жобир Межри қамоққа олинган, Ғози Бежига эса сиртдан ҳукм ўқилиб, полиция томонидан қидирув эълон қилинган.

"Улар жамоат тартибини бузганлик ва ахлоққа зид жиноятлари учун жазоланишди,- деб айтган Тунис адлия вазирлиги вакили Чокри Нефти.

Айбланувчиларга жазо 28 мартда берилган бўлса ҳам, интернет тармоғида бошланиб кетган баҳс-мунозаралардан кейин оммага эълон қилинган.

Маҳкумларнинг ҳимоячилари жазога қарши чиқишларини айтишган.

"Икки ёш йигит нимададир айбдор бўлсалар ҳам, уларга нисбатан чиқарилган жазо жуда кескин ва қаттиқ",- деган блоггерлардан бири Небил Зағдуд Рейтер агентлиги мухбирига.

"Маҳкаманинг қарори ўзини эркин намоён этишга нисбатан ҳатто интернетда босим ўтказишга қаратилган. Бу ҳукуматнинг ҳамманинг оғзини ёпишга уринаётганлигини белгисидир",- деб айтган блоггер.

Илгари Тунис ҳукумати ва радикал мусулмонлар ўртасидаги тортишувларда мамлакат ҳаётида диннинг мавқеини ошириш талаблари мусулмонлар томонидан илгари сурилган эди.

Ўтган йили ноябр ойида ўнлаб диндорлар телевидениеда намойиш этилган ислом қадриятларига зид эрон филмига қарши ўтказилган намойишларда ҳибсга олинган.

Дунёвий гуруҳ вакилларига кўра эса, мамлакатда ўз-ўзини намоён қилиш ва аёллар ҳуқуқларига нисбатан хавф ошиб бормоқда.