Афғонлар халқаро кучларнинг тунги рейдларини назорат қилишади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Америка кучларининг тунгги рейдлари афғонларнинг норозилигига сабаб бўлиб келади

Афғонистон ҳукумати АҚШ билан ҳарбийларнинг тунгги текширувлари афғонларнинг раҳбарлиги остида ўтиши ҳақидаги келишувни имзолаган.

Афғонистон мудофаа вазирлиги ва Американинг Афғонистондаги қўмондонлиги ўртасидаги янги келишувга биноан тунда ўтказиладиган амалиётларда АҚШ кучлари иккинчи даражали вазифани бажаради.

Америка кучлари эса тунгги рейдлар жангариларни қўлга олишда муҳим деб ҳисоблайди.

Бироқ аксарият афғонларга кўра, бу каби тунги ҳаракатлар тинч фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш ва жумладан, аёлларга нисбатан ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.

НАТО кучлари ва афғон ҳарбийларининг биргаликда ўтказадиган амалиётлари Афғонистон ҳукумати ва Америка ҳарбийлари ўртасидаги келишмовчиликларни орттираётгани айтилади.

Янги келишув 2014 йилда Америка ва халқаро кучларнинг мамлакатдан олиб чиқилиши олдидан кучга кириши мўлжалланган.

Би-би-си мухбирига кўра, Афғонистон ҳукумати ўтказиладиган амалиётларни нафақат назорат қилиш, балки унда халқаро кучларнинг қатнашишига рухсат беришни ҳам ўз зиммасига олишни истайди.

Келишувга биноан амалиётларни ўтказиш ва қўлга олинганларнинг тақдирини афғон маҳкамаси ҳал қилади.

Афғон расмийларининг Би-би-сига айтишича, гумон қилинганларни ким сўроқ қилиши томонлар ўртасида муҳокама қилинмоқда.