Саусхемптон шаҳри 'Титаник' қурбонларини хотирлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бундан роппа-роса 100 йил олдин - 1912 йилнинг 10 апрелида "Титаник" кемаси Британиянинг Саусхемптон шаҳри бандаргоҳидан ўзининг илк ва сўнгги сафарига йўл олган эди.

Шу муносабат билан Саусхемптонда "Титаник" ҳалокатида нобуд бўлганларни хотирлаш маросими ўтказилган.

Саусхемптон бандаргоҳида ҳалок бўлганлар хотирасига денгизга гулчамбарлар ташлаганлар.

Бутун шаҳарда бир дақиқалик сукут сақланган.

Юзлаб болалар қўлларига "Титаник" экипажи аъзоларининг суратларини кўтариб, шаҳар кўчаларидан ўтишган.

Хотирлаш намойиши янги очилган SeaCity музейида ниҳоясига етган.

Тарихий маълумотларга кўра, кема чўкаётган пайтида мусиқачилар Nearer My God To Thee гимнини чалиб турганлар.

Саусхемптондаги хотира маросими ана шу гимн ижроси билан якунланган.

"Титаник" кемаси 1912 йил 10 апрелда White Star Docks ширкати томонидан йўлга чиқарилган, беш кундан сўнг Атлантика уммонидаги музтоққа урилиши оқибатида ҳалокатга учраганди.

Кемадаги 1500 йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлишган.

Саусхемптон шаҳри кенгаши маълумотларига кўра, 897 нафар экипаж аъзоларининг 714 таси шу шаҳардан бўлишган.

"Титаник" ҳалокатида жами 685 экипаж аъзоси ҳалок бўлган.

"Титаник" фожеаси ҳақида кўплаб ҳужжатли филмлар ва икки бадий фильм тасвирга олинган.

Бу мавзуда батафсилроқ