БМТ Сурияга кузатувчиларни юборади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сурияда оташкесимга эришилган бўлса ҳам, вазиятни барқарор деб ҳисоблашга ҳали жуда эрта

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашида Сурияга дастлабки кузатувчилар юборишни кўриб чиқадиган янги резолюция овозга қўйилади.

Резолюцияга биноан қуролсиз 20-30та кузатувчидан иборат гуруҳ Сурияда ярашув сулҳига қандай амал қилинаётганлигини текширади.

Резолюция лойиҳаси Америка ҳукумати томонидан тайёрланган. Режага биноан кузатувчилар ҳукумат кучларининг аҳоли яшаш жойларидан олиб чиқилгани, шунингдек, мухолиф кучларнинг ўқ отишни тўхтатганига ишонч ҳосил қилиши керак.

Расмий Дамашқ кузатувчиларни қабул қилишга тайёрлигини билдирган.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга кўра, кейинроқ кузатувчиларнинг сони 200тага етказилиши мумкин.

Оташкесим пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 6.00 да кучга кирган.

Жаноб Аннан Сурия ташқи ишлар вазирлигидан ҳукумат қўшинлари "Соат 06:00дан бошлаб Сурия ҳудудида ҳар қандай ҳарбий жангларни тўхтатади... лекин қуролли террорчи гуруҳлар томонидан амалга оширилган ҳар қандай ҳужумга тенг равишда жавоб қайтариш ҳуқуқини сақлаб қолади" деб айтилган ёзма нотани қабул қилиб олган.

Ярашувнинг биринчи куни нисбатан тинч ўтгани айтилган. Бироқ томонлар талабларнинг бузилаётганлиги ҳақида бир-бирларини айблашган.

Мухолиф фаолларига кўра, Ҳама ва Идлиб шаҳарларида яна бир нечта киши ўлдирилган. Ҳукумат кучларининг айтишича, Алепподаги бомба портлашидан бир ҳарбий ҳалок бўлган.

Мухолиф фаоллари Туркия билан чегарада жойлашган Ҳирбет ал-Жосда ҳукумат кучлари ва исёнчиларнинг тўқнашуви содир бўлганини айтишган.

Сурияга кузатувчиларни юбориш режаси бир овоздан, жумладан аввал муҳокама қилинган резолюцияга тўсиқ қўйган Россия ва Хитой томонидан ҳам маъқулланган.

БМТ ва Араб Лигаси махсус элчиси Кофи Аннан томонидан илгари сурилган тинчлик режасига кўра, Сурия кучлари ва мухолиф гуруҳлари "зўравонликнинг ҳар қандай тури"ни қўллашни тўхтатиш ва қўшинларни олиб чиқишни кўзда тутади.

Бу шартлар бажарилмаган вазиятда "бошқа чоралар" кўрилиши айтилган. Лекин айнан қандай чоралар эканлиги аниқлаштирилмаган.

Америка Давлат котиби Хиллари Клинтон ўқ отишни тўхтатиш дастлабки қадамлиги, бундан кейин гуманитар ёрдамларни етказилишига кенг йўл очиш, шунингдек, президент Башар Ассаднинг истеъфо бериши кераклигини айтган.

Сурия мухолифати жума куни оммавий намойиш ўтказишга чақирган.

БМТ ҳисоботига кўра, Суриядаги тўқнашувларда 9 мингдан ортиқ киши қурбон бўлган.

Сурия ҳукумати 3838 кишининг ҳалок бўлганини, улардан 2500 таси тинч фуқаролар экани айтади.

Бу мавзуда батафсилроқ