Сурияда оташкесим кучга кирди, бироқ шубҳалар мавжуд

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Исёнчилар фаол бўлган Ҳомс каби шаҳарлар деярли буткул вайронага айланган, минглаб яшовчилари қувғинда

БМТ элчиси Кофи Аннан тавсия қилган оташкесим Сурияда амалга кирган, бироқ Ғарб давлатлари Дамашқнинг унга бўйсунишига шубҳа билдиришмоқда.

Сурия оташкесимга бўйсунишини айтган, бироқ ҳужумларга жавоб беришини ҳам билдирган. Аввалроқ АҚШ Дамашқ ваъдаси ишончли эмаслигини айтиб чиқди.

Мухбирларга кўра, оташкесим ҳозирча ўрнатилган кўринади.

Бош мухолиф қуролли гуруҳ ҳам ҳар қандай ҳукумат ҳужумларига жавоб қайтаришини айтган.

Жаноб Аннан Сурия ташқи ишлар вазирлигидан ҳукумат қўшинлари "Соат 06:00дан бошлаб Сурия ҳудудида ҳар қандай ҳарбий жангларни тўхтатади... лекин қуролли террорчи гуруҳлар томонидан амалга оширилган ҳар қандай ҳужумга тенг равишда жавоб қайтариш ҳуқуқини сақлаб қолади" деб айтилган ёзма нотани қабул қилиб олган.

"Ультиматум якунига етишидан бир соат ўтиб барча ҳудудларда вазият тинч бўлиб қолаётир", - деди Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари кузатув гуруҳи раиси Рами Абдул Раҳмон.

Агар оташкесимга барча томонлар бўйсунса, асосий эътибор ҳукумат қўшинлари, танклар ва оғир қуролларнинг олиб чиқилишига қаратилади.

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Мюирнинг айтишича, қўшин ва қуролларнинг олиб чиқилиши аллақачон сешанба куни бошланиши керак эди.

Пайшанба тонгида қатор шаҳарлар, жумладан Идлиб ва пойтахт Дамашқнинг чекка мавзеларида отишма ва гранатамётлар овозлари эшитилган, лекин, мухбиримиз оташкесим умуман олганда ўрнатилганини айтади.

Бироқ, унинг айтишича, вазиятни барқарор деб ҳисоблашга ҳали жуда эрта ва сиёсий музокаралар бошланишидан аввал ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар жуда кўп.

Бузилган ваъдалар

АҚШнинг БМТдаги элчиси Сюзан Райс Суриянинг Аннанга йўллаган нотасидаги шартларни "хавотирли" дея тасвирлаган ва зўравонликни тўхтатишдек асосий масъулият алалоқибат Сурия ҳукумати елкасида эканини билдирди.

Британия Ташқи Ишлар Вазири Вилям Ҳейг эса агар оташкесимга эришилса, "улар яна жанг майдонига қайтмасликлари учун" Сурияга зудлик билан кузатувчиларни жўнатиш йўлида Британия БМТ билан бирга ишлашини айтди.

"Агар оташкесим бузилса, биз яна Хавфсизлик Кенгашига қайтиб Сурия бўйича резолюцияга эришишга яна ҳаракат қиламиз, ва биз мухолифат учун дастагимизни оширамиз, ҳамда Дамашқдаги режимга қарши қаттиққўл санкциялар ўрнатилишига уринамиз", - деди у.

Олмония Канцлери Ангела Меркел ва АҚШ Президенти Барак Обама телефон суҳбатлари ортидан "Кофи Аннан воситачилик қилган келишув шартларига Ассад ҳукумати бўйсунмаяпти деган хавотирларга биз ҳам қўшиламиз" деб айтишган.

Сурияга қарши Хавфсизлик Кенгашида аввал муҳокама қилинган резолюцияга тўсиқ қўйган Россия ва Хитой оташкесимни ҳуш қарши олишган, бироқ исёнчиларни унга масъулият билан ёндошишга чақиришган.