Исроил ҳужумга ишора қилар экан, Эрон яна музокарага рози бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Эрон президенти ўз мамлакати ядровий дастуридан воз кечмаслигини айтмоқда

Туркиянинг Истанбул шаҳрида Эроннинг ядровий дастурини тўхтатиш борасидаги янги музокараларга олтита қудратли давлатлар ва Эрон вакиллари келишган.

АҚШ, Британия, Франция, Хитой, Россия ва Олмония бу музокаралар минтақада тобора чуқурлашиб бораётган тангликни аритишига умид қилишмоқда.

Эрон ўз ядровий дастури тинчлик мақсадларида эканини айтиб келади, бироқ танқидчилар унинг ядровий қуролларни ишлаб чиқаришга уринаётганига ишонадилар.

Охирги ойларда Исроил Теҳроннинг бу каби қуролларга эришишининг олдини олиш учун Эронга ҳужум қилиши мумкинлигига ишора қилган.

Мазкур музокаралар Эрон ва жаҳоннинг энг қудратли давлатлари ўртасида охирги 15 ой ичида ўтказилаётган илк музокаралардир.

Би-би-сининг Истанбулдаги мухбири Жеймс Рейнолдсга кўра, вакиллар жуда катта ютуқларга кўз тикишмаган - иккала томондан ҳам тафсилотли ва аввалгиларидан фарқли таклифлар чиқиши кутилмайди.

Лекин, улар Эрон ҳақиқатдан ҳам мулоқот қилиш истагида эканини кўришни истайдилар. Агар шундай бўлса, 4-6 ҳафтадан сўнг яна музокаралар ўтказилади.

"Янгича ишонч"

Олти қудратли давлатлар мазкур музокаралар ҳеч бўлмаса минтақадаги эҳтиросларни тинчитишига умид қилишмоқда.

Россия музокаралар "конструктив" бўлиши кераклигини айтган ва икки томонни ҳам ўзаро фарқларни янада бўрттириб кўрсатмасликка чақирган.

"Биз икки томон истакларини ҳам акс эттирадиган ўрта нуқтани топишимиз лозим. Музокаралар ишончни янгилаши керак", - деди Россия Ташқи Ишлар Вазири Муовини Сергей Рябков.

АҚШ Президенти Барак Обама учрашувни дипломатиянинг "охирги имконияти" дея тасвирлаган, ва Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон Эрон "ядровий қуролга эришиш истакларидан воз кечганларини амалда яққол намоён қилишлари керак" деб айтган.

Бироқ, Эрон вакиллик гуруҳига яқин бўлган бир манбанинг айтишича, Эрон Ғарбнинг мавқеидан норози.

Пайшанба куни Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинажод Эрон ўз ҳуқуқларидан воз кечмаслигини билдирган.

Исроил Бош Вазири Бенямин Нетаняҳу исроилликларнинг "йўқ қилиниш хавфи остида яшаш"ига ҳеч қачон йўл қўймаслигини айтган ва агар дипломатия иш бермаса, Эрон ядровий иншоотларига қарши ҳужум қилишига ишора қилган.