Толибон Кобул ва бошқа минтақаларга ҳужумлар уюштирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Кобулда отишмалар юз берган.

Афғонистон пойтахти Кобул ва бошқа қатор минтақалар жангарилар тарафидан ҳужумга тутилган.

Толибон воизининг даъво қилишича, исёнкорлар дипломатик ваколатхоналар жойлашган мавзедаги элчиликлар, НАТО Бош қароргоҳи ва Кобул ғарбида жойлашган парламент биносини нишонга олишган.

Бутун Кобул бўйлаб портлашлар ва отишмалар овозларини эшитиш мумкин бўлган.

Толибон воизининг айтишича, ҳужумлар Лугар, Нангарҳар ва Пактия вилоятларида ҳам уюштирилган.

Жалолободда ҳам худкушлик амалиётлари бўлгани ҳақида хабарлар бор.

Талофатлар борасида турлича маълумотлар берилмоқда. Айрим хабарларда 24 инсон тан жароҳати олгани ва 7 жангари ўлдирилгани ҳақида айтилади.

НАТО Кобулнинг етти минтақасида ҳужумлар бўлаётганидан хабардор эканини маълум қилган.

Тутун кўкка ўрлаган

Пойтахт Кобул марказида камида еттита портлаш овози эшитилган ва отишмалар қаттиқ қўриқланувчи дипломатик ҳудуднинг турли нуқталарда юз бераётгани хабар қилинади.

Ҳудуд яшовчилари хавфсиз жой илинжида қочаётгани ва тез ёрдам машиналари Вазир Акбар Хон мавзеига шошаётгани айтилади.

Айрим портлашлар Кобул ғарбидаги парламент бинолари яқинида ҳам юз берган ва полиция бино ҳужумга тутилганини маълум қилган.

Парламент воизининг матбуотга айтишича, парламент биноси ва Россия элчихонаси ракеталар билан нишонга олинган.

Олмония элчихонаси томондан ҳам тутун кўкка ўрлаётгани хабар қилинади.

Гувоҳларга кўра, Британия дипломатлари яшаб келган уй миномётлар воситасида ҳужумга тутилган.

Британия элчихонаси томон иккита ракета келиб тушгани айтилмоқда.

Халқаро ахборот агентликларининг хабар қилишларича, янги барпо этилган Кобул-Стар меҳмонхонаси ўт ичида қолган.

Бу мавзуда батафсилроқ