Шимолий Корея янги раҳбари илк бор омма олдида чиқиш қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Нутқида Ким Чен Ин айтишича, Шимолий Корея олдидаги асосий вазифа қуролли кучлар қудратини оширишдир.

Шимолий Коореянинг янги раҳбари Ким Чен Ин бобоси Ким Ир Сеннинг 100 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда нутқ сўзлаган.

Тантанали маросимни Шимолий Корея давлат телевидениеси намойиш этган.

Бу мамлакатни 17 йил бошқарган Ким Чен Ир вафотидан кейин бошқарув қўлига ўтган унинг ўғли Ким Чен Иннинг омма олдида илк бор чиқиши бўлган.

Ким Чен Ир 2011 йил декабрида оламдан ўтган, Ким Чен Иннинг ёши 30 га яқин деб кўрилади.

Ким Чен Иннинг маърузаси 20 дақиқача давом этган, унинг сўзлари пойтахт Пхеняннинг асосий майдонида йиғилган минглаб аскарлар ва фуқаролар томонидан қарсаклар билан олқишлаб турилган.

Ҳарбий парад Шимолий Кореянинг ўз ракетасини учиришга муваффақиятсиз ҳаракат қилганидан икки кун ўтиб уюштирилган.

Маросимда янги ракета намойиш этилган, мухбирларга кўра, бу Шимолий Кореянинг янги ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракетаси бўлиши мумкин.

Парадни кузатганларнинг айтишларича, янги ракета 16 ғилдираги бор авто устига ортилган бўлган, унинг бошқа автомобиллардан анча катта экани яққол кўзга ташланиб турган.

Мамлакат раҳбари Ким Чен Ин ўз нутқида Шимолий Корея ҳарбийларига юқори баҳо берган.

Унинг сўзларига кўра, "ҳарбий технологиялар бўйича устунлик энди империалистлар ихтиёрида эмас".

Шимолий Кореяга ядровий қурол билан пўписа қилинган "замонлар ортда қолди", деган Ким Чен Ин.

Мамлакат олдидаги асосий вазифа қуролли кучлар қудратини ошириш, деб айтган Шимолий Корея раҳбари.

"Аскарлар замбараклардан муҳироқдир, зобитлар ўз қўли остидагиларга укалари ва сингилларидек муомала қилишлари керак", деб айтган у.

Тинчлик муҳим, бироқ миллий фахр бундан ҳам муҳимроқ, деган янги раҳбар.

Ким Чен Ин Жанубий Корея ва дунёнинг бошқа жойларидаги икки Кореяни бирлаштириш истагидаги инсонларга ўз саломини етказишини айтган, бир неча ўн йилдан буён Корея ярим ороли иккига бўлинганидан афсусда эканини айтган.

Унинг сўзларига кўра, Шимолий Корея икки Кореяни бирлаштирадиган ҳамма билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Ким Чен Ин нутқидан кейин ҳарбийлари паради ўтказилган.

Бу мавзуда батафсилроқ