Норвегия: Брейвик маҳкамада кўрсатма берди

Брейвик Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Андерс Брейвик Оврўпода "энг мукаммал ва тамошанок" ҳужумни амалга оширганини айтган.

Ослода портлашни ташкиллаштириш ва Утойя оролида ёшлар ва болаларни оммавий қатл этганини тан олган Андерс Брейвик маҳкамада кўрсатма берар экан, II-Жаҳон Урушидан бери Оврўпода "энг мукаммал ва тамошанок" ҳужумни амалга оширганинини айтди.

У, агарда фурсати бўлса, бу амални яна қайтаришдан тоймаслигини билдирди.

Кеча Андерс Брейвик қотилликларни амалга оширганини тан олган, лекин ўзини айбдор ҳисобламаслиги, бу амалларни "ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун" бажарганини айтганди.

"Бу амаллар яхшиликка асосланган, ёмонликка эмас," - дейди Брейвик. - "Яна мен ўз чиқишларимни қурбонларга ҳурмат юзасидан юмшатдим."

Аввалроқ эса Брейвикнинг ҳимоячилари аксарият қурбонларнинг оилалари ўз мижозларининг чиқишидан ғазабга тушиш эҳтимоли билан огоҳлантирганди.

Шу туфайли унинг бугун маҳкамада қиладиган чиқишлари телевизион эфирга узатилмайди.

Маҳкама залида бўлган Би-би-си мухбири Маттю Прайснинг айтишича, Брейвикнинг маҳкамада сўзлаши унинг саломатлиги юзасидан саволларга жавоб топиш учун муҳим бўлиши мумкин.

Қарийб ўн ҳафта давом этиши кутилаётган бу маҳкамадаги асосий саволлардан бири эса Брейвикнинг руҳан соғлом ва ё носоғломлигини аниқлашдир.

Брейвик аллақачон айни маҳкамани тан олмаслигини эълон қилган.

Унинг чиқишини ҳакам бир эмас, бир неча бор бўлиб турган.

Брейвик ўз кўрсатмаларида либерализмни танқид қилган ва Жанубий Корея ҳамда Япония моделларини қўллаб қувватлашини айтган.

Би-би-си мухбирига кўра, Брейвикнинг Норвегия ҳақида айтганлари, хусусан либерал ғоялар Норвегияни яксон қилаётгани ҳақидаги даъволари унинг Лейбористлар ёзги жамлоғига ҳужуми ортидаги сабаблар ўлароқ намоён бўлмоқда.

"Мен бутун умрим давомида қамоқда ўтиришдан қўрқаётганим йўқ. Мен қамоқда туғилганман, чунки ўз фикрларимни эркин ифода эта олмасдим. Бу қамоқхонанинг номи - Норвегия," - деб айтган Брейвик.

Брейвик 2011 йил 22 июлида Осло марказида бир автомобил портлатган, орадан бироз вақт ўтганидан кейин Ослога яқин Утойя оролига йиғилган ўспиринларни отиб ўлдирган.

Ослодаги портлашда саккиз инсон ҳалок бўлган.

69 киши Утойя оролида ҳаётдан кўз юмган.

Улар Норвегияда ҳозир қудратда бўлган Лейбористлар партияси ёшлар қанотининг фаоллари бўлганлар.

Андерс Брейвик Лейбористлар партияси вакилларига бу партия Оврўпода "мусулмонлар босқинига бамайлихотир қўл қўйиб бераётгани учун" ҳужум қилганини айтган.

Унинг хотиржамлик билан содир этган жинояти бутун дунёни ларзага солган.

Брейвикнинг руҳий саломатлигини текширишга қарор қилинган.

2011 йил ноябрида руҳшунослар Брейвикни параноидал шизофренияга чалинган деган хулосага келганлар.

Бироқ яқинда ўтказилган яна бошқа бир текширув уни руҳий соғлом деб топган.

Агар маҳкама уни руҳий носоғлом деб топса, мажбурий даволаш қарори қабул қилиниши мумкин.

Аммо агар Брейвик соғлом деган хулосага келинса, Норвегия қонунлари бўйича 21 йилик қамоқ жазоси белгиланиши, ундан кейин у умрбод қамоқ жазосига узайтирилиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ