Покистондаги учоқ ҳалокати текширилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Учоқ ҳалокатига ёмон об-ҳаво шароитлари сабаб бўлганги айтилмоқда

Покистон расмийлари жума куни пойтахт Исломобод яқинида 127 йўловчининг умрига зомин бўлган учоқ ҳалокатини текширишмоқда.

Қутқарувчилар туни бўйи ҳодиса саҳнасидан кўплаб жасадлар ва учоқнинг "қора қутиси"ни топишган.

Карачидан ҳавога кўтарилган "Бхожа Эйр" ширкатига қарашли Boeing 737 учоғи тўфонда аэропортга қўниш чоғида қулаган.

Қурбонларнинг яқинлари жасадларни таниб олиш учун Исломободдаги шифохонага етиб келганлар.

Расмийларга кўра, "Бхожа Эйр" ширкати раҳбарининг текширувлар якунига етгунича мамлакатни тарк этиши тақиқланган.

Учоқ қолдиқлари бир неча километргача учиб борган, аммо уларнинг катта қисми Ҳусайн Обод қишлоғи ҳудудига тушган.

Қишлоқ аҳолиси орасида қурбонлар бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.

Покистон расмийларидан капитан Маҳмуд Аршоднинг айтишича, учоқ қўнаётган пайти кучли момоқалдироқ бўлиб, жала қуяётган эди.

"Об-ҳаво жуда ёмон эди. Пилот назоратни йўқотган ва ва ерга урилган. Натижада учоқ портлаган ва ёнғин чиққан", - деб айтган Покистон мулозими.

Би-би-сининг Исломоддаги мухбирига кўра, баъзилар учоқнинг эскилиги ва Покистоннинг ҳаво хавфсизлигини назорат қилиш тизими ҳам ҳалокатга сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Қурбонлар орасида 11 нафар ёш бола ва янги турмуш қурган бир жуфтлик ҳам борлиги айтилган.

"Бхожа Эйр" 1993 йилда асос солинган тижорий ҳаво ширкати бўлиб, ички йўналишларда ҳаво парвозларини бажариб келган.

Ширкат 2001 йилда молиявий қийинчиликлар туфайли амалиётларни тўхтатган ва яқинда қайта очилган эди.

2010 йил июлида Исломобод яқинида Airblue Airbus A321 учоғининг қулаши оқибатида 152 киши ҳалок бўлган эди.

Гарчи сўнгги йилларда Покистоннинг ҳаво саноати шиддат билан ривожланаётган бўлса-да, кузатувчилар хавфсизлик тадбирлари ҳамма вақт ҳам хизмат кўрсатиш суръати билан бир хил бўлмаганини айтишади.