Миср: Исломни 'ҳақорат қилган' актёр уч ойга қамалди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Мисрнинг энг машҳур ҳажвчи актёри Одил Имом энди 3 ой қамоқда ўтириши мумкин

Қоҳирадаги маҳкама ўз фильмларида Ислом "динини ҳақорат қилган" ҳажвчи актёрни уч ойга қамашни кўзда тутган ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Одил Имом яна 170 АҚШ долларига тенг миқдорда жарима ҳам тўлайди.

71 яшар актёр ҳали ўтган февралда сиртдан маҳкамага тортилиб, Исломни ҳақоратлашда айбдор, деб топилганди.

Мисрда Исломни ҳақорат қилишга оид айблар билан илк жараён кечаётгани йўқ.

Йил бошида қибтий насроний ишбилармон шаккокликда айбланган, аммо кейинроқ маҳкама иши тўхтатилганди.

Ўшанда насроний мисрлик бўлмиш Нагуиб Савирис АҚШ мутльфильмларидаги машҳур Микки Маусга соқол қўйилган, урғочи сичқон Мини Маусга эса ҳижоб ўралган аксларни интернетга қўйганди.

Актёр Одил Имомга қарши айбларни эса Исломий гуруҳларга алоқадаор ҳуқуқшунос Асран Мансур олиб чиқди. Унинг айтишича, ҳажвчи санъаткор ўз чиқишларида Ислом дини ва унинг рамзларини масхара қилган.

Одил Имомнинг фильмлари Мисрда жуда оммавий. Аммо даъвогар тарафга кўра, Санъаткор бош ролни ўйнаган "Террорчи" ва Яқин Шарқдаги раҳбарларни ҳажв қилган "Раҳбар" фильмлари жуда ҳақоратомўз ишланган.