Мит Ромни Президент Обамани Оқ Уйдан чиқаришга аҳд қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Мит Ромни президентлик сайловида Республикачи партия номзодлигини қўлга киритганини айтмоқда

"Яна бироз сабр қилинг. Бу тун Америка яхшиликка элтувчи йўл бошига етиб келди".

Президентлик сайлови учун Республикачилар номзоди бўлганини эълон қилган Мит Ромни келаси амалларини ана шу жумлаларда ифодалади.

Ўтган тунда бешта штатда осонгина ғалаба эришган бу сиёсатчи, шаксиз, Республикачиларнинг президентлик салйовидаги бош умидига айланади.

Ҳали яна 14 штатда овоз олиши керак, лекин улардаги натижалар кўп нарсани ўзгартирмаслиги айтилмоқда.

Жаноб Ромни келаси салйовда демократларни мағлуб этишга қаттиқ киришгани такрорлаётир.

"Ўтган йиллар Барак Обама қўлидан келган энг зўр ишларни қилди, бироқ булар Америка учун етарлича зўр ишлар эмасди".

Жаноб Ромнига кўра, Президент Обама ўз ваъдаларини бажара олмади ва ундан сайловчиларнинг ҳафсаласи пир бўлган.

"Ўртаҳол америкалик ҳамон иқтисодий инқироз зарбасини ҳис қилиб яшамоқда" - деди ўз сўзларини асослашга интилган сиёсатдон - "Ҳаммаси иқтисодга бориб тақалишини билиб турибмиз... Биз ахмоқ эмасмиз".

Айни дамда Барак Обама таълим-тарбияга қаратилган сиёсатини етказиш ниятида бир нечта штат бўйлаб сафар қилмоқда.

Жаноб Обама ўзининг келиб чиқишига урғу қаратиб, барча оддий америкаликлар учун таълим олиш имкониятини яратишга ҳаракат қилмоқчи.