Усома бин Лодин оиласи аъзолари Покистондан депортация қилинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бин Лодин оиласи ўтирган кичик автобус чодир билан тўсилган.

Покистон расмийларига кўра, Усома бин Лодиннинг уч рафиқаси ва болалари пойтахт Исломободдан Саудия Арабистонига депортация қилинганлар.

Бин Лодин оиласи аъзолари ўтирган кичик автобус тунда Исломободдаги виллалардан биридан аэропортга йўл олган, вилла атрофи ва аэропортгача бўлган йўлдаги кузатув Покистон ҳарбийларининг қаттиқ хавфсизлик чоралари остида ўтган.

Йўлга чиқишидан олдин минибас атрофи чодир билан тўсиб қўйилган.

Унинг ичида Усома бин Лодиннинг уч рафиқаси ва 11 фарзанди бўлган, деб ишонилади.

Покистон маҳкамаси Бин Лодиннинг уч хотини ва вояга етган фарзандларини Покистон ҳудудига ноқонуний киришда айбдор деб топган ва 45 кунлик уй қамоғига маҳкум этган эди.

Улар уй қамоғини бошқа яқинлари яшаган Исломободдаги виллада ўтаганлар.

Маҳкаманинг уй қамоғи ҳақидаги қарори ижроси муддати тугаганидан кейин улар Покистондан чиқариб юборилганлар.

Усома бин Лодиннинг икки рафиқаси Саудия Арабистони фуқароси экани айтилади.

Унинг учинчи хотини Яман фуқароси, у Саудия Арабистонидан ватанига юборилиши хабар қилинган.

"Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усома бин Лодин бундан бир йил олдин - 2011 йил 2 май куни Покистоннинг Абботобод ҳарбий шаҳри ҳудудидаги виллада Америка махсус бўлинмаси томонидан ўлдирилган эди.

2001 йил 11 сентябр ҳодисалари ва ундан кейинги Афғонистонга ишғол йилларида "Ал-Қоида" раҳбари Усома бин Лодин изига тушилган, уни тирик ёки ўлик ҳолда топишга ҳаракат қилинган.

У ўлдирилганидан кейин кичик рафиқаси Амал Абдулфаттоҳ айтишича, сўнгги 10 йил мобайнида бин Лодин Покистоннинг турли жойларига кўчиб юрган ва аёли тўрт фарзандини туққан.

Би-би-си мухбири Алим Мақбулга кўра, бин Лодин оиласи чиқариб юборилиши билан Покистон расмийлари "енгил тин олдилар", бу билан ўзлари учун энг уятли бўлган тарих саҳифасини ёпгандай бўлдилар.

Бу мавзуда батафсилроқ